Коррупцияга қарши курашиш бўйича Истанбул ҳаракатлар дастурида Ўзбекистон Республикасининг иштироки доирасида жорий йилнинг 16 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тармоғининг “Коррупцияга қарши курашиш ва ноқонуний активларни қайтариш” мавзусига бағишланган 10-учрашувининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Бу каби учрашувлар муқаддам Бухарест (Руминия), Киев (Украина), Батуми (Грузия), Париж (Франция), Остона (Қозоғистон), Баку (Озарбайжон) ва Прага (Чехия)да ҳам ташкил этилган.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича Истанбул ҳаракатлар дастури – бу Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари учун субминтақавий ташаббусларни ўзаро баҳолашда Коррупцияга қарши курашиш тармоғи бўлиб, мамлакатларнинг Коррупцияга қарши БМТнинг Конвенцияси, бошқа халқаро стандартлар ва илғор тажрибаларни бажарилишини қўллаб-қувватлаш бўйича тавсияларни амалга оширилишини кўриб чиқади ва кузатади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар Коррупцияга қарши курашиш тармоғи фаолиятининг бир йўналиши ҳисобланиб, у бевосита ҳуқуқни муҳофаза қилувчи амалиётчиларга ёрдам кўрсатиш мақсадида доимий учрашувлар ташкил этиш, коррупцияга оид ишларни тергов қилиш, уларнинг салоҳиятини кучайтириш, шунингдек коррупцияга қарши курашда хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибалари ва амалиётини ўрганишни амалга оширади.
Тадбир давомида, Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари вакиллари учун коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш ва ўғирланган активлар (мулклар)ни қайтариш мавзуларида сессиялар ташкил этиш режалаштирилди.
Учрашувда Албания, Арманистон, Озарбайжон, Босния ва Герцоговиния, Эстония, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Латвия, Молдова, Мўғулистон, Руминия, Украина каби давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари, шунингдек халқаро нодавлат ташкилотлар вакиллари ҳамда жиноий одил судлов соҳасидаги халқаро экспертлар иштирок этадилар.