Жорий йилнинг 23-28 сентябрь кунлари Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси аъзоси бўлган Олий Мажлис, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги ва Бизнес-Омбудсман вакиллари Тинч ва инклюзив жамиятлар учун коррупцияга қарши курашиш бўйича БМТнинг Тараққиёт дастури Глобал лойиҳаси (ACPIS), БМТТДнинг Шимолий офиси ва БМТТДнинг Осло шаҳрида жойлашган бошқарув маркази кўмагида Норвегия ва Дания давлатларига ўқув-танишув сафари билан ташриф буюришди.
Сафар давомида Ўзбекистон Республикаси делегацияси Норвегиянинг Омбудсман институти, БМТТД Осло бошқарув маркази, Transparency International, Ташқи ишлар вазирлиги, Тараққиёт бўйича ҳаморлик агентлиги (NORAD), Бош аудиторлик идораси, Ташаббусларни ривожлаштириш (INTOSAI), Адлия вазирлиги, DNB банк, Қазиб олиш тармоқларида шаффофлик ташаббуслари, Даниянинг Ташқи ишлар вазирлиги, БМТТДнинг Даниядаги Шимолий идораси, Модернизация агентлиги, Рақамли технологиялар агентлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича институти вакиллари билан учрашди.
Иштирокчилар ушбу ташкилотларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб бораётган сиёсати, асосий вазифалари ва амалга оширилаётган лойиҳалари билан танишди.
Сафар якунлари бўйича иштирокчилар томонидан Норвегия ва Дания давлатларининг илғор тажрибаларини Ўзбекистон Республикасида жорий этиш бўйича таклиф ва тавсиялар тайёрланди.