Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда ичимлик суви ва канализация тизимини яхшилаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда давлатимиз раҳбари томонидан сўнгги йилларда соҳа ривожига қаратилган саъй-ҳаракатлар, амалга оширилаётган лойиҳалар ижроси ҳолати муҳокама қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб берилди.
Таъкидланганидек, сўнгги икки йилда бу соҳага бюджетдан 3,7 триллион сўм ажратилган. Бундан ташқари, 48 та лойиҳага 1,9 миллиард доллар хорижий кредитлар жалб қилинган. Шунингдек, уч йил ичида 3 миллион 600 минг аҳолига сув етказиш режалаштирилиб, маблағ масаласи ҳал қилиб берилган бўлса-да, барча муаммолар охиригача ўз ечимини топмаган.
Лойиҳаларни танлашда жойлардаги ҳолат, аҳолининг талаби ва мавжуд сув манбалари тўлиқ ўрганилмаяпти. Кредит қайтими бюджет зиммасига тушаётгани тармоқ ва ҳудуд раҳбарларини жиддий ўйлантириши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни амалга ошириш ва хорижий кредитларни қайтаришдаги муаммоларни кўрсатиб, янги қурилган сув тармоқларидан тўлиқ фойдаланиш, келгуси йилдан бошлаб барча лойиҳаларда ичимлик сувини хонадонларгача улаш зарурлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев лойиҳаларни ишлаб чиқишдан тортиб, ишга туширишгача бўлган жараённи мониторинг ва назорат қиладиган, натижадорликка соҳа мутасаддилари билан бирга ҳокимлар ҳам жавоб берадиган тизим яратиш лозимлигини кўрсатиб ўтди.
Шунингдек, соҳада инвестицияларни ўзлаштиришда қолоқликка йўл қўймаслик учун халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича харидлар очиқ ўтказиладиган ва уларнинг ижроси мувофиқлаштирилиши белгиланди.
Шу муносабат билан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига халқаро молиявий ташкилотлар томонидан ажратилган кредит ва қарзлар ҳисобидан молиялаштириладиган инвестицион лойиҳаларни онлайн мониторинг қилиш тизимини жорий қилиш вазифаси юкланди.