Шу кунларда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш, бунда халқаро стандартлар ва илғор хорижий амалиётни фаол ўрганиш, ислоҳотларга нуфузли экспертларни жалб этиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ташкил этилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 27 июль куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер ва БМТнинг бошқа агентликлари раҳбарлари - БМТнинг Тараққиёт дастури ва UNODC вакиллари иштирокида видеоконференц алоқа шаклида мулоқот ўтказди. Унда томонлар янги ташкил этилган тузилма билан ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ҳамда қатор долзарб лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасини ривожлантиришда чет эл тажрибасини ўрганиш, хусусан, Жанубий Корея, Сингапур, Грузия ва қатор Европа давлатларидаги ижобий жиҳатларни юртимизда тадбиқ этиш вазифаси қўйилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ушбу йўналишда давлат сиёсатини юритувчи мутлақо янги тузилма экани, давлатимиз раҳбари томонидан ҳал этилиши лозим бўлган қатор муҳим масалалар белгилаб берилгани қайд этилди. Учрашувда Акмал Бурханов сўзга чиқиб, ушбу вазифаларни амалга оширишда ҳамда Агентлик фаолиятини самарали йўлга қўйишда илғор хорижий тажриба ва халқаро ҳамкорларнинг ўрни муҳимлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер Агентлик ташкил этилгани билан барчани қутлаб, коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш бўйича ҳамкорликка ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида”ги, “Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулки ва манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш тўғрисида”ги, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги каби қатор қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда халқаро экспертларни жалб этишда кўмаклашишини билдирди. Шунингдек, томонлар 2021-2025 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш давлат дастури лойиҳасини тайёрлаш, “E-anticor.uz” платформасини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
Шу куннинг ўзида “Ҳудудий мулоқот” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Мьюша Север билан учрашув ташкил этилди. Мулоқотда, шунингдек, словениялик эксперт Горан Клименчич ҳам иштирок этди.
Музокаралар давомида томонлар коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг назарий ва амалий масалалари, хорижий тажриба ва халқаро стандартларни ўрганишни қамраб олувчи махсус ўқув дастурларини ҳамкорликда ишлаб чиқишга келишиб олишди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш соҳасида имзоланган халқаро келишув ва шартномаларнинг тўлиқ бажарилиши масаласи юзасидан Европа Иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти вакиллари билан ҳам учрашув ўтказилди.
Унда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ва Коррупцияга қарши курашиш бўйича Истанбул ҳаракатлар режаси доирасида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим тавсиялар бажарилиши муҳокама қилинди. Томонлар ушбу соҳада ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш, хусусан, хорижда коррупцияга қарши курашиш билан шуғулланувчи ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ишларни амалга оширишга келишиб олдилар.
Учрашув давомида, шунингдек, давлат органлари ходимлари учун Агентликда ташкил этиладиган коррупцияга қарши курашиш бўйича стажировка ва ўқув курсларининг дастури халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқиладиган бўлди. Бунда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти тайёргарлик ва таълим жараёнларига етакчи хорижий мутахассисларни жалб этишга тайёрлигини билдирди.