Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги ҳамкорликда ҳамда халқаро ташкилотлар кўмагида «Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларни такомиллаштириш» мавзусидаги туркум тадбирлар ўтказилмоқда.
Хусусан, бугун, 21 июль куни “Коррупцияга карши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти самарадорлигини ошириш” мавзусидаг халқаро онлайн-анжуман ташкил этилди. Тадбирда Бош прокуратура раҳбарияти ва мутахассислари, ИҲТТ, Европа Кенгашининг Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш ва хамкорлик қилиш бошқармаси, БМТ НЖҚБ, Активларни қайтариш бўйича халқаро маркази (ICAR), “Минтақавий мулоқот” ХННТ, Молдова Руминия, Словения, Украина, ҳамда 20 дан ортиқ халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-амалий муассаса ва идоралар вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов ҳам иштирок этиб, сўнгги йилларда Ўзбекистонда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, Коррупцияга қаршиш курашиш агентлиги фаолиятига тўхталиб, янги ташкил этилган тузилма коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириши ва амалга ошириши, давлат органлари, ОАВлар, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаши, шунингдек, мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул эканлиги ва шу сабабли ушбу ташкилотнинг фаолиятини ташкил этишда Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий суд ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан самарали ҳамкорлик ўрнатилиши таъкидланди.
Конференция доирасида коррупцияга қарши курашиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш, ваколатли органлар мақсад ва вазифаларини такомиллаштириш, коррупциявий қилмишларни криминализациялаш, коррупциявий жиноятларни аниқлашда янги усул ва воситаларни қўллаш, улар оқибатида етказилган зарарни тўла қоплаш, коррупцияга қарши курашиш борасидаги халқаро нормаларни миллий қонунчиликга имплементация қилиш, жиноий йўллар билан топилган маблағ ва активларни мусодара этиш борасидаги хорижий давлатлар ёндашуви ва бошқа масалалар муҳокама этилди.
Табирда Европа Кенгашининг Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи – Мустафа Ферати, Европа Кенгашининг Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳамкорлик бўлими бошлиғи – Елена Жолик, Руминия Миллий коррупцияга қарши директоратининг (DNA) Прокурор хизмати маслаҳатчиси – Анка Юрма, “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти ҳуқуқий маслаҳатчиси, Словения Коррупцияга қарши курашиш комиссияси собиқ раҳбари – Горан Клименчич, Молдова Республикаси Ҳукуматининг Жиноий даромадларни легаллаштиришни олдини олиш ва курашиш Офиси бошлиғи – Оксана Гиска ва бошқалар иштирок этиб, коррупцияга қарши курашиш борасидаги халқаро нормаларни миллий қонунчиликка имплементацияси, жиноий йўллар билан топилган маблағ ва активларни мусодара этиш билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.
Муҳокамалар давомида иштирокчилар Ўзбекистонда ушбу соҳада энг илғор хорижий амалиётни татбиқ этишда амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирдилар.