Президент Шавкат Мирзиёев 20 июль куни архитектура ва қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар натижаларига оид тақдимот билан танишди.
Хусусан, жорий йилнинг март ойида қурилиш соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, бюрократик тўсиқларни камайтириш, барча босқичларда шаффофликни таъминлаш, инновацион ишланмалар ва илғор ахборот технологияларини кенг қўллаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижалари дастлабки сарҳисоб қилинди.
Қурилиш вазирлиги олдига 337 та шаҳарсозлик қоида ва нормаларидан жорий йилда 60 тасини янгилаш вазифаси қўйилган. Йил бошида вазирликда Қурилишда техник меъёрлаш маркази ташкил этилиб, унга 15 нафар малакали мутахассис жалб этилган. Ҳозирда 33 та янги шаҳарсозлик қоида ва нормалари ишлаб чиқилган.
Бўлиб ўтган йиғилишда бу борадаги ишларни жадаллаштириш учун илғор тажрибага эга хорижий компанияни жалб этиш бўйича кўрсатма берилди.
Шунингдек, Президент томонидан қурилиш соҳасида коррупция ва “хуфиёна иқтисодиёт” ҳолатлари кескин танқид қилинди, тендерларни ўтказиш ва пудрат ташкилотларини танлаш жараёнларини рақамлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда 32 мингта пудрат ташкилоти бор. Жорий йил 1 сентябрга қадар қурилиш корхоналарининг молиявий кўрсаткичлари, тўлов қобилияти, давлат харидлари, ишчи-ходимлар малакаси каби маълумотларни қамраб олувчи ягона платформани ишга тушириш вазифаси қўйилди. Ушбу платформа 1 ноябрга қадар Тошкент шаҳрида, кейинги йил бошидан республика бўйича жорий этилади. Унга электрон меҳнат дафтарчаси тизими ҳам интеграция қилиниши лозим.
Таҳлилларга кўра, сўнгги икки йилда давлат дастурлари доирасида 3 мингдан зиёд қурилишдан атиги 182 тасида тендер ўтказилган. Чунки тендер жараёнлари мураккаб ва унда нарх арзонлиги бирламчи. Қурилиш ташкилотининг малакаси, сифат масаласи паст ўринларда қолиб кетган.
Шу боис кейинги йилдан бошлаб, янги ахборот тизимига киритилган ва рейтинги юритиладиган қурилиш-пудрат корхоналарига маблағ ажратилиши белгиланди.