Эскирган маълумотлар базаси ва усуллар, рақамлаштириш ва ахборот технологияларини жорий этишнинг паст даражаси геодезия, картография ва кадастр соҳасида талон-тарожлик ва коррупциянинг илдиз отишига туртки бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 21 июль куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари бўйича ўтказилган йиғилиш давомида 66 та туманда 150 минг гектар экин ери ўзбошимчалик билан эгаллангани, охирги икки йилда 122 нафар кадастр ходими жиноий жавобгар бўлгани таъкидланди.
Ернинг ҳосилдорлиги сунъий йўлдош тасвирлари орқали таҳлил қилинади
Йиғилишда қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди, муҳим вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, йил якунига қадар ер тури, контури, чегараси ва фойдаланувчиси ҳақидаги маълумотлар жамланган ахборот тизимини ишга тушириш вазифаси қўйилди. Энди ер ажратиш тўғрисидаги қарор мазкур тизимга киритилсагина ҳақиқий ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига йил якунигача 10 минг гектар ер майдонининг тупроқ таҳлилини ва агротехнологик хариталарини тайёрлаш вазифаси қўйилди. Шунингдек, космосуратларни йиллар бўйича таққослаш орқали ҳосилдорликни таҳлил қилиш учун ерларнинг мелиоратив ҳолатини мунтазам ўрганишда сунъий йўлдош каналларини ижарага олиш ва сигналларни қайта ишлаш тизимини ташкил этишга кўрсатма берилди.
Барча кадастрлар ягона базада
Соҳадаги яна бир камчилик – баъзи турдаги кадастрлар тўлиқ шаклланмаган. Масалан, автомобиль йўллари кадастри 23 фоиз, маданий мерос объектлари 32 фоиз, қувурлар 32 фоиз, шаҳарсозлик кадастри 63 фоиз шаклланган, холос. Шу боис кадастрлар базасини тўлиқ ишлаб чиқиш топширилди.
Қишлоқ хўжалигини бошқаришни рақамлаштириш, келгуси йилдан ер баланси ва унинг ҳисобини Миллий геоахборот тизимида юритиш зарурлиги қайд этилди. Йил якунига қадар қишлоқ хўжалиги майдонларини электрон танлов ва аукцион асосида ажратиш тартибини жорий қилиш, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда ер тоифаларини оптималлаштириш бўйича топшириқ берилди.
Ҳар тўртинчи ходимнинг мутахассислиги қўмита йўналишига тўғри келмайди
“Ергеодезкадастр” давлат қўмитасининг тупроқ сифатини баҳолаш, ерларни ривожлантириш, экинларни жойлаштириш билан боғлиқ вазифаларини, шунингдек, Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институтини Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказиш таклифи билдирилди. Жаҳон банкидан ажратилаётган 87 миллион доллар ҳисобидан мазкур институт фаолиятини ривожлантириш, лабораторияларини янгилаш муҳимлиги қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев соҳанинг кадрлар салоҳияти пастлиги, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси тизимидаги 27 фоиз ходимлар мутахассислиги соҳага тўғри келмаслигини қайд этди. Шу муносабат билан хорижий олий ўқув юрти филиалини ташкил қилиш муҳимлиги, Италиянинг Пиза университети ҳамда Москва давлат геодезия ва картография университети билан ҳамкорлик ўрнатиш кераклиги таъкидланди.