Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 август куни Жаҳон банки иштирокида “Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга оширишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Йиғилишда Жаҳон банки томонидан ажратилган 500 миллион доллар кредит маблағларини ўзлаштириш бўйича шакллантирилган лойиҳалар муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, лойиҳаларни ишлаб чиқишда фанни ривожлантиришга, илғор технологияларни жорий этишга устувор аҳамият қаратилган. Хусусан, жалб қилинаётган маблағнинг 87 миллион доллари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги 10 та илмий-тадқиқот муассасаси, 4 та ихтисослашган марказ фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини яхшилашга ажратилади.
Шунингдек, 70 миллион доллар кўчатлар етказиб бериш, фитосанитария, геоахборот ва сертификатлаш хизматларини кўрсатадиган агрохизмат марказларини ташкил этишга йўналтирилади. Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш учун берилаётган 10 миллион доллар ҳисобига ерларнинг ҳосилдорлиги, тупроқ таркиби таҳлили, зарур минерал ўғитлар тури ва миқдори, солиқ, транспорт-логистика ва маҳсулотлар бозорлари ҳақида маълумотлар олиш имкони яратилади.
Кооперативлар ва кластерларни ривожлантиришга мўлжалланган 200 миллион доллар ҳудудлар ўртасида тақсимланган. Бундан ташқари, халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан Фарғона водийси учун қўшимча 54 миллион доллар ҳамда Хоразм вилоятига 100 миллион доллар маблағ ажратилган. Интенсив боғ майдонларини кенгайтиришга 65 миллион доллар йўналтириш белгиланган. Хусусан, бунинг ҳисобидан Тошкент вилоятида 500 гектар, Андижон, Бухоро, Наманган, Фарғона ва Самарқандда 300 гектардан, Жиззахда 250 гектар, Қашқадарё ҳамда Сурхондарёда 200 гектардан, Қорақалпоғистонда 100 гектар майдонда янги усулдаги интенсив боғлар яратилиши режалаштирилган.
Президент аграр тармоққа ажратилаётган инвестициялардан тўғри фойдаланиш, ажратилаётган ҳар бир долларни уч долларга айлантириш, имтиёзли кредитларни қайтариш бўйича аниқ ҳисоб-китоб асосида ишлаш зарурлигини таъкидлади.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигига лойиҳа доирасида ажратилган маблағларни мақсадли ажратилиши ва сарфланиши жараёнида очиқлик ва ошкоралик ҳамда шаффофликни таъминлаш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш, шунингдек, лойиҳани амалга оширишда очиқлик ва ошкоралик ҳамда шаффофликни таъминлаш устидан доимий назорат ўрнатиш вазифаси юклатилди.