Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Равшан Усмонов Малайзиянинг коррупцияга қарши курашиш бўйича комиссияси (Malaysian Anti-Corruption Commission — MACC) раҳбари Азам бин Баки билан учрашди.
Элчи Малайзия томонини Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олиш ва қарши курашиш, давлат ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида коррупцион хавф-хатарларга барҳам бериш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида батафсил хабардор қилди. Мамлакатимизда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилингани, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилгани, Агентлик Президентга ва парламентга бевосита ҳисобдор экани ҳақида маълумот берилди.
Азам бин Баки Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги ислоҳотларни юқори баҳолади, бирор бир мамлакат ушбу иллатдан тўлиқ ҳимояланмаганини афсус билан қайд этди. Унинг фикрича, коррупцион қонун бузилишларини ўз вақтида аниқлаш, олдини олиш, оқибатларини, уларга имкон берувчи омиллар ва шароитларни бартараф этиш, содир этилган жиноятлар учун муқаррар жазо тартибини таъминлаш — бутун бир давлат иқтисодиётининг келгуси тараққиётини белгиловчи муҳим жиҳатлардан бири.
MACC раҳбари таъкидлашича, Комиссия қонун устуворлигини таъминлашга ва жамоатчиликка етказишга ҳаракат қилмоқда, Малайзияда эркинлик принциплари, транспарентлик ва профессионаллик асосида мазкур жиноят турини йўқотиш амалиётига урғу бермоқда. Антикоррупция комиссияси иш фаолияти парламентнинг доимий назорати ва фуқаролик жамияти мониторинги учун бардошлилик ва қарама-қаршилик механизмларига таянади.
Пандемия даврида комиссия ходимлари давлат органларини жалб қилган ҳолда биринчи зарурий маҳсулотлар нархининг асоссиз оширилишига, ҳукумат томонидан аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағларнинг нотўғри сарфланишига, давлат харидлари суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик мақсадида иқтисодий ва хўжалик сектори субъектлари фаолиятини текшириш жараёнларида қатнашди.
Азам бин Баки Малайзия коррупцияга қарши курашиш комиссияси Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорлик ўрнатишга, экспертлар маслаҳатларида кўмак беришга тайёр эканини билдирди.
Музокаралар якунида икки идора ўртасидаги ўзаро муносабатлар, ҳамкорлик меморандумини ишлаб чиқиш ва имзолаш ҳамда МАСС экспертларини масофадан долзарб мавзулар юзасидан вебинарлар, Агентлик мутахассислари учун маҳорат-дарсларини ўтказиш жиҳатларини муҳокама қилиш учун видеоконференция шаклида учрашув ташкил этишга келишиб олинди.