Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 5 август куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан малакали кадрларни ишга қабул қилиш бўйича эълон қилинган конкурсга аризалар қабули якунланди. Унга республиканинг барча ҳудудларидан жами 13 минг 186 та аризалар келиб тушди. Барча ҳужжатлар электрон тарзда махсус веб-сайт орқали қабул қилинди.
Саралаш жараёнларининг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат махсус комиссия тузилди. 6 — 15 август кунлари давомида унинг икки бор йиғилиши бўлиб ўтди. Комиссия аъзолари келиб тушган барча аризаларнинг конкурс шартларига мослиги, соҳада етарли иш тажрибага эгалиги нуқтаи назаридан, шунингдек, тўлиқ тўлдирилмаган ёки нотўғри тўлдирилганлиги ҳолатлари бўйича кўриб чиқдилар.
Саралаш жараёнлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6013-сон Фармонида белгилаб ўтилган талабларга мувофиқ ўтказилди. Жумладан, номзодларни баҳолашда юриспруденция, иқтисодиёт, молия, солиқ, аудит, ахборот-коммуникация технологиялари каби соҳа мутахассисларига алоҳида эътибор қаратилди. Натижада юқори балл тўплаган 146 нафар номзод танловнинг кейинги — тест босқичига ўтказилиши юзасидан қарор қабул қилинди.
Тест синовларининг ўтказилиш жойи ва вақти ҳақида тест синовларига қўйилган номзодларга камида 3 (уч) кун олдин хабар бериш орқали маълум қилинади.
Конкурснинг тест босқичига қўйилган номзодлар рўйхати билан танишиш
Эслатма: Танловда иштирок этиш учун тақдим этилган аризанинг комиссия томонидан кўриб чиқилмаслик ҳамда номзодни кейинги босқичга қўймаслик сабаблари ва асослари эълон қилинмайди.