Жорий йилнинг 26 август куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ишга қабул қилиш учун эълон қилинган конкурснинг тест синовлари босқичи бўлиб ўтди. Унда номзодларнинг қонунчиликка оид, хусусан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимлари, сиёсий саводхонлиги, мантиқий ва таҳлилий фикрлаш қобилиятлари баҳоланди.
Тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ва ҳудудларда бир вақтнинг ўзида ташкил этилди. Саралаш босиқичининг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида жамоат ташкилотлари вакиллари жараёнларни бевосита кузатиб бордилар. Шунингдек, кенг жамоатчилик учун Facebook ижтимоий тармоғи орқали тўғридан-тўғри трансляция ташкил этилди.
Номзодларга 50 та савол тақдим этилиб, ҳар бир тўғри жавоб 2 баллдан баҳоланди. Тест вариантлари мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган саволлар базасидан тасодифийлик тамойили асосида автоматик равишда генерация қилинди. Якунда номзодга жами тўплаган бали тўғрисида маълумот шу вақтнинг ўзида тақдим этилди.
Эътиборлиси, конкурс комиссияси қарорига кўра, тест синовларидан ўтиш бали (100 баллик тизимда) — 65 баллдан юқори этиб белгиланганди. Бироқ, конкурс комиссияси якуний натижаларни таҳлил қилиб, белгиланган талабни республика бўйича кам сонли номзодлар бажара олганини инобатга олиб, кейинги босқичга ўтиш баллини 55 балл ва ундан юқори деб белгилашга қарор қилди.
Натижада республика бўйича қуйидаги номзодлар конкурснинг кейинги — психологик тест ва психофизиологик кўрикдан ўтказиш босқичига ўтказилди:
Психологик тест ва психофизиологик кўрикдан ўтказиш тартиби ҳар бир номзодга алоҳида тушунтирилади.