Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорлик алоқалари кенгайтирилмоқда. Хусусан, бугун, 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Малайзиянинг коррупцияга қарши курашиш комиссияси раҳбарияти ўртасида онлайн учрашув ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги Фавқулодда ва муҳтор элчиси Равшан Усмонов, Коррупцияга қаши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов ва Малайзия Коррупцияга қарши курашиш комиссияси раҳбари Датук Сери Азам ва бошқа масъул ходимлар иштирок этишди.
Мулоқот аввалида Коррупцияга қаши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов ҳамкорларга Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Агентлик фаолияти, шунингдек, келгусидаги режалар ва долзарб масалалар ҳақида батафсил маълумот берди.
Ўз навбатида, Малайзия Коррупцияга қарши курашиш комиссияси вакиллари томонидан муассаса фаолиятига бағишланган тақдимот ўтказилди. Таъкидланганидек, Комиссия 1967 йилда агентлик шаклида ташкил этилган. Бугунги кунда 16 та ҳудудий бўлимлари мавжуд бўлиб, тизимда жами 2500 зиёд ходимлар ишлайди.
Учрашув давомида икки давлат коррупцияга қарши курашиш тизими, идоралараро ҳамкорлик, шу жумладан, томонлар ўртасида алоқаларнинг ҳуқуқий асоси – ўзаро англашув Меморандумини имзолаш масалалари муҳокама қилинди.
Самимий ва очиқ мулоқот руҳида кечган учрашувда малайзиялик ҳамкасблар Ўзбекистонда коррупцияга қарши янги агентлик ташкил этилганидан мамнун эканларини, унинг фаолиятини йўлга қўйишда ўзаро ҳамкорлик қилишга, эксперт ва консультатив кўмак кўрсатишга тайёр эканликларини билдиришди.
Мулоқот якунида ҳар икки томон ўзаро тажриба алмашиш, кадрлар малакасини ошириш бўйича тегишли лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этишга келишиб олишди.