Коррупция – давлатлар ривожланишига тўсиқ бўладиган, жамиятда қонун устуворлиги ва адолат қарор топишига тўсқинлик қилувчи салбий иллат. Коррупция маълум бир миллат ёки давлатга хос эмас, у инсоният қаршисида турган глобал муаммо ҳисобланади. БМТ томонидан 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни, деб эълон қилиниши ҳам бежиз эмас.
Сўнгги йилларда юртимизда ҳам коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди, ушбу йўналишда жиддий қадамлар ташланди. Хусусан, Ўзбекистонда илк бор коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини юритувчи янги ва мустақил тузилма — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.
9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунини юртимизда кенг нишонлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда халқаро ташкилотлар билан биргаликда ноябрь–декабрь ойлари давомида Антикоррупция ҳафталиги ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Ҳафталик доирасида бугунги кунда Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маҳаллий ва халқаро экспертларнинг фикр ва таклифларини ўрганиш, шунингдек, истиқболдаги долзарб вазифалар ва тенденцияларни муҳокама қилишга қаратилган халқаро ва минтақавий анжуманлар ташкил этилади.
Бундан ташқари, вазирлик ва идораларда ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари учун очиқ эшиклар куни, барча ҳудудларда ёшлар иштирокида ижтимоий сўров ва акциялар, шунингдек, коррупцияга қарши курашишни тарғиб этишга қаратилган танловлар ўтказилади. Ғолиблар ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Тадбирлар санаси, ўтказилиш жойи ва бошқа қўшимча маълумотлар Агентлик расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали мунтазам эълон қилиб борилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати