Жорий йилнинг 23 январь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Жамоатчилик кенгашининг 2021 йилга мўлжалланган иш режа лойиҳаси муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, иш режада аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик кайфиятини шакллантириш, соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, тадқиқотлар, мониторинглар ташкил этиш, Агентлик фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш каби муҳим масалалар қамраб олинган.
Муҳокамалар ва таклифларга бой ўтган тадбирда иш режани такомиллаштириш ва вазифаларни амалга ошириш бўйича аниқ механизмларни белгилаш, коррупцияга қарши курашда ҳар бир восита ва имкониятдан самарали фойдаланиш лозимлиги қайд этилди. Жумладан, кенг аҳоли, айниқса, ёшларни қамраб олиш мақсадида ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш масаласи таклиф этилди.
Шу билан бирга 2020 йил 29 декабрдаги Мурожаатномада белгиланган вазифаларни ижросини таъминлашда иштирок этиш, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган миллий стратегия лойиҳасига таклифлар тайёрлаш, соҳага оид қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш масалаларини ҳаётга татбиқ этиш ҳар бир аъзодан масъулият талаб этиши таъкидланди.
Йиғилиш якунида барча таклиф ва мулоҳазалар эътиборга олинган ҳолда Жамоатчилик кенгашининг иш режаси овозга қўйилди ва асос учун қабул қилинди.