Коррупция – бугунги кунда тобора аҳамият касб этиб бораётган ҳамда мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий барқарорлиги, шунингдек халқаро майдондаги жозибадорлигини ҳал қиладиган муҳим факторлардан бири бўлиб қолмоқда.
“Transparency international” (бундан буён TI) коррупцияни қабул қилиш индекси эса давлатларда коррупция даражаси ва унга қарши курашиш борасида ҳукуматлар томонидан амалга оширилган ишларни баҳолаб борувчи энг оммавий индекс сифатида танилиб бормоқда.
2020 йил учун TI нинг коррупцияни қабул қилиш индекси янги рейтингида Ўзбекистон 7 поғонага кўтарилиб, индекс баҳосида қаторасига 4 йил давомида барқарор ўсишига эришилди (2016 йилда 21 баллдан 2020 йилда 26 баллгача).
Шу боис, TI 2020 йилги ҳисоботида Ўзбекистонни минтақанинг тез суръатларда яхшиланиб бораётган давлатлари қаторида эътироф этди.
Юртимизда коррупцияга қарши курашиш борасида бир қатор ижобий факторлар ушбу индексдаги ўрнимизнинг барқарор ўсиб келишига хизмат қилмоқда.
Биринчидан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг тизими тубдан такомиллаштирилиб, Президент халқ қабулхонаси, “ишонч телефони” ҳамда “виртуал қабулхонаси” шунингдек, ҳар бир вазирлик ва давлат идораларининг “ишонч телефонлари” ҳамда “виртуал қабулхоналари” ишга тушди. Фуқароларнинг ҳуқуқларини тиклаш устувор вазифа сифатида белгиланиб, барча даражадаги давлат раҳбарларининг “сайёр қабуллари”ни ўтказиш амалиёти қўлланилмоқда.
Иккинчидан, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва судларнинг нуфузини оширишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди. Судьяларнинг биринчи марта 5 йиллик, навбатдаги даврда 10 йиллик ва кейинчалик муддатсиз ваколат даврлари белгиланиб, суд қарорларини қайта кўриб чиқиш тартиби такомиллаштирилди ва назорат инстанцияси бекор қилинди. Судьялар ва суд аппарати ходимларининг моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминоти даражаси оширилди, судлар янада ихтисослаштирилди ҳамда суд фаолиятига замонавий ахборот технологиялари жорий этилди. Суд ҳужжатларини e-sud.uz онлайн платформасида эълон қилиб борилмоқда.
Учинчидан, аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тизими бутунлай янгиланиб,
130 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари аҳолига қулай, марказлашган ҳамда замонавий ахборот коммуникация технологиялари орқали кўрсатилмоқда.
Тўртинчидан, сўнгги йилларда давлат хизмати очиқлиги ва шаффофлик ҳамда жамоатчилик назорати институтлари тубдан такомиллаштирилди. Рақамли ва онлайн технологияларнинг кенг қўлланилиши давлат органларининг жамоат олдида ҳисобдорлигини оширди. Ер участкалари ва давлат активларини, шунингдек, автотранспорт воситалари учун давлат рақам белгиларини онлайн аукционда реализация қилиш тизими йўлга қўйилди ҳамда доимий такомиллаштирилиб борилмоқда.
Давлат харидлар тўғрисида маълумотлар d.xarid.uz сайти орқали жойлаштириб борилмоқда. Очиқ маълумотлар портали (data.gov.uz), юридик шахслар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳисобга қўйилган маълумотлари базаси (my.gov.uz) ва бошқа платформалар бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишнинг энг самарали инструментлари бўлган очиқлик ва шаффофлик ҳамда жамоатчилик назорати принципини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бешинчидан, коррупцияга қарши курашишнинг буткул янги ташкилий-ҳуқуқий ва институционал тизими яратилди. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, коррупцияга қарши курашиш тўғрисида асосий тушунчаларга таъриф берилди ҳамда 2017-2018, 2019-2020 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурлари қабул қилинди. Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги коррупцияга қарши курашиш ва коррупцияни бартараф этиш бўйича қўмиталари ташкил этилди. Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширувчи янги тузилма - Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузилди.
Коррупцияни қабул қилиш индекси экспертлар ва ишбилармон доираларнинг давлат секторидаги коррупцияга доир аниқ масалалар бўйича баҳоларини акс эттирувчи 13 манбалардан олинган маълумотларга асосланади. Мазкур манбалар мамлакат сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларини ўз ичига олади. Мазкур манбалардаги деярли барча индексларда Ўзбекистон барқарор ўсишни қайд этмоқда
Масалан, “Bertelsmann foundation transformation index” да 3.73 (2018) баллдан 4.08 (2020) баллга; “The economist intelligence unit country report”да ўтган йилга нисбатан 1,6 фоизга (пандемия шароитида жуда кам давлатлара ўсиш қайд этилган); Жаҳон банкининг давлат тизими ва институти рейтингида 2.5 (2016) баллдан 4.0 (2019) баллга ўсиш қайд этилган.
Ўзбекистоннинг “Transparency international” ва унинг манбасини ташкил этувчи рейтингларда ўрнини янада яхшилаш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:
1. Давлат харидлари соҳасида коррупциявий хатарларни камайтириш ва манфаатлар тўқнашувини олдини олишга каратилган чораларни амалга ошириш (мансабдор шахслар томонидан манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги маълумотларни мажбурий равишда эълон қилиш амалиётини жорий этиш; манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган мансабдор шахсларнинг жамоат реестрини шакллантириш; давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, шу жумладан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жиноий жавобгарликни қонунчиликка киритиш);
2. Бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланилишини олдини олиш мақсадида бюджет маблағлари сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш;
3. Коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига имплементация қилишни жадаллаштириш;
4. Вазирлик ва идоралардаги “комплаенс-назорат” тизимини янада кенгайтириш.
Мазкур масалалаларни амалга ошириш, соҳанинг қонунчилик базасини такомиллаштириш, коррупцияга сабаб бўлган омилларни бартараф этиш ва энг асосийси, бу жараёнга ҳар бир фуқарони жалб қилиш орқали Ўзбекистонда коррупция ҳолатини камайтириш ҳамда ҳар бир соҳа ва йўналишда ривожланишга эришиш мумкин.