Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига асосан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Ҳисоб палатаси билан биргаликда 26 та вазирлик ва идораларда яширин иқтисодиётни қисқартириш ҳамда коррупцияга қарши «комплаенс-назорат» тизимини жорий этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мазкур йўналишда ҳар бир вазирлик учун «йўл харита»лар ишлаб чиқилиган. Ушбу «Йўл харита»ларида белгиланган вазифаларнинг вазирлик ва идоралардаги ижро ҳолатини ўрганиш мақсадида Агентлик ходимлари томонидан Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Молия, Транспорт, Халқ таълими, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари ҳамда Марказий банк ва Ўзбекистон товар-хом ашё биржаларида мониторинг ўтказилди.
Ўрганиш мобайнида амалга оширилган ижобий ўзгаришлар билан бирга йўл қўйилган камчиликлар ҳам аниқланди. Мазкур масалалар юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Қурилиш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларига тақдимномалар киритилди.
Жумладан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига киритилган тақдимномада қуйидаги масалаларга эътибор қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан 2019 йил 1 августдан бошлаб олий таълим тизимида эксперимент тариқасида “коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган.
2020 йил май ойидан бошлаб Вазирликнинг марказий аппаратида БМТнинг Тараққиёт дастури доирасида KPMG (Италия) экспертлари билан ҳамкорликда коррупцияга қарши “комплаенс-назорат” тизимини ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу вазифалар ижроси бажарилмаган ҳамда коррупцияга қарши профилактик тизимини жорий этиш бўйича қуйидаги камчиликлар ҳамон сақланиб қолмоқда.
Биринчидан, Вазирликнинг марказий аппаратида ташкил этилиши лозим бўлган мувофиқлик тизими ҳамон тўлиқ ташкил этилмаган. Аксинча, вазирлик ҳузуридаги Марказнинг бир бўлимига қўшимча вазифа сифатида юклаб қўйилган. Коррупцияга қарши курашишда муҳим тузилманинг бундай ташкил этилиши соҳадаги ушбу йўналишдаги қолган вазифаларни ҳам сифатсиз бажарилишига олиб келмоқда.
Иккинчидан, ўрганишлар давомида (15 декабрь ҳолатига) “Йўл харитаси”га асосан Вазирлик зиммасига 2020-2021 йиллар давомида 53 та вазифа ва топшириқлар юклатилган бўлса, “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг 15 таси бўйича вазифа ва топшириқлар бажарилмай қолганлиги аниқланди. Белгиланган вазифа ва топшириқларнинг 8 таси қисман бажарилган.
Учинчидан, олий тизимида коррупцияни бартараф этишга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмаган. Жумладан, олий таълимга раҳбар ва ўқитувчи кадрларни ишга қабул қилиш ва тайинлашнинг шаффоф тизими тўла йўлга қўйилмаган.
Таъкидлаш лозимки, бу каби камчиликлар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Молия вазирликлари ҳамда Марказий банк каби ташкилотларда ҳам учрамоқда.
Коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган айни пайтда мутасаддилар юқорида кўрсатилган йўналишлар бўйича амалий ҳаракатларни бажаришлари сўраб қолинади.