Қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари
юзасидан амалга оширилган ишлар
“Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик, шунингдек манфаатдор вазирлик ва идораларнинг таклиф ва тавсиялари эътиборга олиниб, 2021 йилнинг 29 январь куни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва хулоса бериш учун тегишли тартибда Адлия вазирлигига юборилди.
Ҳозирда Қонун лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан кўриб чиқилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–4761-сон Қарорига мувофиқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агенлигининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом лойиҳаси ўзбек ва рус тилларида ишлаб чиқилди.
Лойиҳа юзасидан манфаатдор вазирлик ва идораларнинг таклиф ва тавсиялари олинди. Низом лойиҳаси 2021 йилнинг 25 январида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва хулоса бериш учун Адлия вазирлигига юборилган.
Ҳозирда Низом лойиҳаси тегишли тартибда Адлия вазирлиги томонидан кўриб чиқилмоқда.
Жорий йилнинг январь ойида Агентликка норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) орқали 12 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари келиб тушган бўлиб, буларнинг барчаси тегишли тартибда кўриб чиқилиб, манфаатдор вазирлик ва идораларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклиф ва тавсиялар юборилди.
Давлат дастурлари ва стратегиялар тайёрлаш йўналиши
бўйича амалга оширилган ишлар
Ҳисобот даври давомида Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган Миллий стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг 28 январида манфаатдор вазирлик ва идоралар, жамоатчилик ҳамда нодавлат сектор вакиллари иштирокида Миллий стратегия лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган Миллий Маслаҳатлашув муҳокамаси бўлиб ўтди.
Миллий стратегия лойиҳаси юзасидан келгусида ҳам бу каби муҳокамаларни ўтказиш режалаштирилган. Хусусан, февраль–март ойлари давомида Тошкент шаҳри ва ҳудудлардаги илмий ва академик доиралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий экспертлар иштирокида очиқ муҳокамалар ташкил этилади.
Агентлик томонидан Ҳаракатлар стратегиясининг “Ёшларни қўллаб қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йилида амалга оширишга оид давлат дастурига ҳам 10 дан ортиқ таклифлар тақдим этилди.
Коррупциянинг олдини олиш ва “комплаенс-назорат” тизимини
жорий этиш соҳасида амалга оширилган ишлар
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ҳисоб палатаси билан биргаликда яширин иқтисодиётни қисқартириш ҳамда коррупцияга қарши «комплаенс-назорат» тизимини жорий этиш юзасидан 26 та вазирлик ва идораларда «йўл хариталари» ишлаб чиқилиб, 2020 йил сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан тасдиқланган.
Ҳозирда, вазирлик ва идораларда “Йўл харитаси”да 2021 йил январь ойи якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ижроси ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашга қаратилган тегишли чора-тадбирлар давом эттирилиб, ижроси назорат қилиб борилмоқда.
Шунингдек, Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда anticor.ijro.uz электрон назорат тизими жорий этилиб, ушбу тизим орқали 26 та вазирлик ва идораларда тасдиқланган “Йўл хариталари”да белгиланган
1 176 та топшириқлар ижроси тест режимида назорат қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги 6098-сон Фармони билан тасдиқланган Яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашишда вазирлик ва идораларнинг фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда солиқ ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича «Йўл харита»сида белгинган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вазирликлар, идоралар ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотларда коррупцияга қарши мувофиқлик ва яширин иқтисодиётни қисқартириш тизимларини жорий этиш борасида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Агентлик Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда 2021-2022 йиллар давомида ташкилий тузилмасида коррупцияга қарши мувофиқлик ва яширин иқтисодиётни қисқартириш тизимларини жорий қилиш зарур бўлган 57 та (2021 йилда 33 та, 2022 йилда 24 та) вазирлик ва идоралар, вилоят ҳокимликлари ҳамда давлат улушига эга корхона ва тижорат банклари рўйхати шакллантирилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига тасдиқлаш учун киритилди.
Давлат харидлари соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси
доирасида амалга оширилган ишлар
Жорий йилнинг 6-11 январь кунлари ижтимоий тармоқларда Навоий вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси мансабдорларига тегишли деб гумон қилинган қурилиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат буюртмалари қонун талабларига зид равишда қўлга киритилгани ҳақидаги хабарлар тарқалган.
Ўрганишлар жараёнида Навоий вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси мансабдор шахслари томонидан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳолда “Navoiy Tears Invest” МЧЖ билан қиймати 38,0 млрд.сўмлик жами 11 та қурилиш объектлари бўйича шартномалар тузилгани аниқланди. Ўрганишлар давомида жами 1 588,5 млн. сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилгани маълум бўлди. Шу жумладан, назорат ўлчови бўйича 55,4 млн. сўм, қурилиш лойиҳа экспертизаси бўйича 13,6 млн. сўм, Қурилиш соҳасидаги назорат инспекцияси бўйича 44,3 млн. сўм, Ўзстандарт агентли бўйича 7,0 млн сўм, Навоий вилоят давлат молиявий назорат бошқармаси бўйича 1,468,2 млн сўм суғурта полиси мавжуд бўлмаган ҳолда қурилиш объекти молиялаштирилганлиги ҳолатлари аниқланган.
Шу каби ҳолат, Навоий вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси томонидан “Mexrangez B-2002” МЧЖ билан қиймати 4,7 млрд.сўмлик 2 та қурилиш объектлари бўйича шартномалар тузилганлиги аниқланди. Ўрганишлар давомида жами 58,7 млн сўмлик хато ва камчиликлар аниқланди.
Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Андижон вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси, “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Андижон вилоят филиали, Андижон вилояти қурилиш бош бошқармаси мансабдор шахсларига тегишли қурилиш корхоналари томонидан давлат буюртмалари қонун талабларига зид равишда қўлга киритилганлиги ҳолатлари юзасидан Ҳисоб палатаси ва бошқа вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ тузилган ҳолда ўрганишлар олиб борилмоқда.
Ўрганишлар жараёнида Андижон вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида шартнома қиймати 139,7 млрд. сўмлик 17 та, “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Андижон вилоят филиали буюртмаси асосида 3,2 млрд. сўмлик 1 та қурилиш объектлари қамраб олинди.
Маълум бўлишича, Андижон вилояти “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмачилигида 2019-2020 йилларда жами 541 та объектларда 480,4 млрд. сўм, шундан 2019 йилда 321 та объектларда 287,0 млрд. сўм ҳамда 2020 йилда 220 та объектларда 196,4 млрд. сўм республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилган.
Агентлик ходимлари томонидан ўрганилганда, Андижон вилояти “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмачилигида 2019-2020 йиллар давомида 6 та қурилиш жамиятлари томонидан жами 53 та объектларда 171,5 млрд. сўмлик (умумий қийматга нисбатан 35 %ни ташкил этади) тендер (танлов) савдолари қўлга киритилгани маълум бўлди.
Ўрганишда қурилиш объектларига нисбатан ўтказилган тендер (танлов)ларда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги, одоб-ахлоқ қоидалари қўпол равишда бузилганлиги, тендер жараёнини ўтказиш ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришда қатор қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Жумладан, Андижон вилояти “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси директори М.Қ., директор ўринбосари М.К., Қурилиш бош бошқармасининг бошлиғи Р.Х., “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Андижон вилоят филиали директори Р.Д. хизмат фаолиятини олиб боришда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиб, ўзи ёки яқин қариндошларига қарашли фирмаларни тендер (танлов)ларда қатнашишига йўл қўйган ва оқибатда ушбу фирмалар тендер (танлов)ларда ғолиб бўлган.
Шунингдек, “Жаҳон маъмур қурилиш” МЧЖ ва “Шаҳрихон қурилиш грант” МЧЖ қатнашган 7 та танлов ва тендерларда аффилланганлик ҳолатлари мавжуд.
Бундан ташқари, 18 та танлов ва тендерларни ўтказиш жараёнларида “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун ва бошқа қонуности норматив ҳужжатлар талаблари бузилган.
Ёки, айрим иштирокчи тадбиркорлар танлов ва тендерга корхонанинг молиявий натижалари тўғрисидаги, бухгалтерия баланси, ишчилар сони тўғрисидаги ҳисоботларни нотўғри топширган.
Ўрганилган 12 та қурилиш объектлари бўйича лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишида қурилиш материаллари нархлари нотўғри қабул қилиниши натижасида қурилиш объектлари лойиҳаси қиймати 9,4 млрд. сўмга ортиб кетган.
Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида, Қўрғонтепа туманида жойлашган 2-сонли мактабгача таълим муассасасида 3,6 млн. сўм, Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги 5-сонли умумтаълим мактабида 20,5 млн. сўм, Балиқчи туманидаги 35-сонли умумтаълим мактабида 2,9 млн. сўм, Шаҳрихон туманидаги тиббиёт бирлашмаси 2-сонли туғруқхона комплексида 30,9 млн. сўм, жами 4 та қурилиш объектларида 57,9 млн. сўм миқдорда сифатсиз ишлар амалга оширилгани маълум бўлди.
Барча 18 та қурилиш объектларининг 11 таси фойдаланишга топширилган бўлиб, дастлабки босқичда улардан 4 тасида назорат ўлчови ўтказилди.
Назорат ўлчови натижасида Қўрғонтепа туманида жойлашган 2-сонли мактабгача таълим муассасасида 335 млн. сўм, Балиқчи туманда жойлашган 35-сонли умумтаълим мактабида 354 млн. сўм, Қўрғонтепа туманидаги 5-сонли умумтаълим мактабида 408 млн. сўм, Шаҳрихон туманида жойлашган тиббиёт бирлашмаси 2-сонли туғриқхона комплексида 389 млн. сўм, жами 4 та қурилиш объектларида 1 млрд 486 млн. сўмлик ишлар кам бажарилгани аниқланди.
Ўрганишлар давомида аниқланган юқоридаги ҳолатлар бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказиш лозимлигини инобатга олиб, тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига тақдим этилди. Ҳозирги кунда 4 та қурилиш объектлари бўйича айбдор шахсларга ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бу каби ўрганишлар Жиззах ҳамда Хоразм вилоятларида ҳам амалга оширилди. Бу ҳақида тезкор маълумот Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилмоқда.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг
мурожаатларини кўриб чиқиш таҳлили
Коррупцияга қарши курашиш агентлигига 2021 йил январь ойида 556 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 434 таси белгиланган тартибда кўриб чиқилиши таъминланган.
Келиб тушган мурожаатларнинг 11 таси аноним деб топилган.
Мурожаатларда кўрсатиб ўтилган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 8 та тақдимнома, 10 та сўровномалар киритилиб, шундан 1 та мурожаат бўйича жиноят иши қўзғатилган, 1 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган, 1 нафар шахсга нисбатан маъмурий иш қўзғатилган ва мавжуд хато-камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилган.
Агентликка келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммолар, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларидан норозиликлар ва турли соҳаларда коррупциявий ҳолатларнинг
юз бераётганлиги тўғрисида ёзилган мурожаатлардан иборатдир. Жумладан, январь ойида Агентликка қўйидаги соҳа ва йўналишлар бўйича мурожаатлар келиб тушди:
- суд қарорларидан норозиликлар 85 та (15,3%);
айрим хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг
хатти-ҳаракатларидан норозиликлар масаласида 69 та (12,4%);
- ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари
ва қарорларидан норозиликлар 37 та (6,7%);
- маҳаллий ҳокимликлар мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан норозиликлар 29 та (5,2%);
- прокуратура идоралари қарорларидан норозиликлар ва прокуратура органларига қилинган мурожаатлар ҳал бўлмаётганлиги бўйича 28 та (5,0%);
- давлат харидлари ва тендер савдолари жараёнидаги қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 24 та (4,3%).
Келиб тушган мурожаатлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри (164 та), Самарқанд
(46 та), Қашқадарё (43 та) вилоятларига тўғри келади. Энг кам мурожаатлар Қорақалпоғистон Республикаси (11 та), Фарғона (17 та) ҳамда Сирдарё (13 та) вилоятларидан келиб тушган.
Бундан ташқари, олинган мурожаатлар асосида 22 январь куни Давлат хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Хитой давлатидан Қозоғистон Республикаси орқали мамлакатимизга импорт товарларини ташиш билан шуғулланувчи автофура ҳайдовчиларининг Тошкент вилоятида жойлашган “Яллама” чегара-божхона пости орқали ўтишлари жараёнида божхона расмийлаштирувини тезлаштиришни баҳона қилиб, улардан товламачилик йўли билан пул ундириб келган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Халқаро ҳамкорлик йўналишида амалга оширилган ишлар
Агентлик томонидан 2021 йил январь ойи давомида халқаро алоқаларни ривожлантириш ва илғор хорижий тажрибани жорий этиш йўналишида қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, жорий йилнинг дастлабки кунларида Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги Фавқулодда ва Мухтор элчиларини соҳага оид олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида хабардор қилиш ва Агентлик фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида Олий Мажлис Сенати раҳбарияти ва Агентлик директори иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Шунингдек, 6 та онлайн ва офлайн шаклдаги учрашувлар ташкил этилиб, Хитой, Швеция ҳамда Финляндия давлатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчилари ва Агентлик директори ўртасида икки томонлама учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, Агентлик директори ўринбосари Япониянинг Ўзбекистондаги Муваққат ишлар вакили билан учрашди.
Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Европа фирибгарликка қарши курашиш Бюроси (OLAF) билан илк маротаба онлайн учрашув бўлиб ўтди ҳамда томонлар ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) билан янги Ҳамкорлик лойиҳаси ишлаб чиқишга келишилди ва Ўзбекистоннинг ташкилотнинг Истанбул ҳаракатлар режаси дастури доирасидаги 5-раунд мониторингини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг 28 январь куни Коррупцияга қарши курашиш Миллий Кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган Миллий стратегияси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган Миллий маслаҳатлашув йиғилиши” ташкил этилди.
Агентлик ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон ҳудудлари ва тармоқларида коррупцияни ўлчаш методологиясини кўриб чиқиш ва экспертлик фикрини олиш учун БМТ ГЖБ, БМТ ТД, ИҲТТ ва ЕХҲТ ташкилотлари экспертларига юборилди.
Бундан ташқари, Агентлик вакиллари ҳамда тегишли ташкилотлар ходимлари, Европа Иттифоқининг экспертлари иштирокида “Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва соҳага оид илғор тажрибалар тақдимотига бағишланган онлайн семинар ўтказилди.
Шу билан бир каторда, коррупцияга қарши курашиш бўйича хорижий амалиётни ўрганиш мақсадида Буюк Британия, Франция ва Қозоғистон экспертларини жалб этган ҳолда онлайн вебинарлар ташкил этилди.
Бугунги кунда Агентликнинг халқаро ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш ва хорижий ҳамкорлар билан муносабатларни ривожлантириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва икки йиллик чора-тадбирлар режаси тузилди.
Баён этилганлардан ташқари, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси талаблари бажарилиши юзасидан Ўзбекистонни иккинчи босқич обзордан ўтказиш ишлари бошланди.