“Адолат” СДП, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракцияси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, БМТ ҳузуридаги Халқаро Коррупцияга қарши курашиш академиясининг Ўзбекистондаги вакили, Вебстер университети халқаро тадқиқотлар ва фалсафа профессори Қодир Кулиевнинг “Коррупция ва миллий тараққиёт: муаммо ҳамда ечим” мавзусидаги маърузаси тингланди.
Унда коррупциянинг ижтимоий хавфи ҳақида тушунча берилди.
Таъкидланганидек, коррупция ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг чуқурлашишига сабаб бўлади. Коррупция тизгинланмаса, тараққиёт йўлида қилинаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ўз самарасини бермайди. Коррупция даражасининг юқорилиги мамлакатнинг халқаро миқёсда обрўсини туширади, инвестициявий муҳитга салбий таъсир кўрсатади.
Сўзга чиққанлар томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилгани ҳам тизимда салмоқли ўзгаришлар ясаш йўлида муҳим қадам бўлгани таъкидланди.
Бугунги кунда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, уларнинг фаоллиги, жамиятдаги ўрнини ошириш, ҳар қандай ишда масъулият билан ёндашган ҳолда салбий иллатларга қатъий курашиш лозимлиги қайд этилди.
Тадбир қизғин савол-жавобларга бой бўлди.