«Ўзбекнефтгаз» АЖда коррупцияга қарши комплаенс-назорат тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича давра суҳбати ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ҳисоб палатаси, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, «KPMG» халқаро аудиторлик консалтинг компанияси ва жамият масъуллари иштирок этишди.
“KPMG” халқаро аудиторлик консалтинг компанияси экспертлари томонидан хорижий давлатларда комплаенс-назорат тизими жорий этилиши босқичларига, йирик халқаро тижорат компаниялари, хусусан нефт-газ соҳасида фаолият юритувчи корхоналарда жорий этилган “комплаенс-назорат” тизими самарадорлиги масалаларида сўз юритилди ҳамда Ўзбекистонда коррупцияни олдини олиш жараёнлари мутлақо янги ривожланиш босқичига кўтарилганлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари бугунги кунда давлат бошқарув органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектларда коррупцияга қарши курашиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларга, уларда комплаенс-назорат тизимини жорий этишнинг ўзига хос жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Шунингдек, 2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ва олдини олишга қаратилган “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларни “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида ҳам ўз вақтида ва самарали бажарилиши юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Жумладан, Жамиятнинг молиявий ва “комплаенс-назорат” департаменти томонидан давлат мулки талон-торож қилинишининг олдини олишга қаратилган, ходимларнинг ижтимоий аҳволини ва иш шароитларини яхшилаш ҳамда яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган қўшимча чоралар ҳақида маълумотлар берилди.