Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасида ташкил этилган Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг раҳбар ходимларининг ҳуқуқий ва касбий билимларини ошириш бўйича ўқув курсларининг навбатдагисига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходимлари таклиф этилди.
Учрашув аввалида Агентлик ходимлари ИИВ ЙҲХББда амалга оширилаётган ўзгаришлар билан танишишди. Бунда асосий эътибор соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш, очиқлик, ошкораликни таъминлаш, замонавий усуллар орқали тизимдаги кадрлар малакасини ошириш каби йўналишларга қаратилгани таъкидланди.
Жумладан, ушбу ўзгаришларнинг ҳар бири якунда соҳадаги коррупцион омилларни камайтиришга хизмат қилаётгани эътироф этилди.
Бунда бошқарма қошидаги республиканинг барча ҳудудларидаги йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг хатти-ҳаракатларини онлайн тарзда кузатиш имкониятига эга бўлган навбатчилик қисми фаолияти натижасида тизим ходимлари ўртасида содир этилган ҳар қандай ноқонуний ҳаракатни бевосита кузатиш имконияти мавжудлиги намойиш этилди.
Бундан ташқари ИИВ ЙҲХБ Медиа-маркази фаолияти тизимнинг халқ учун очиқ ошкора бўлишини таъминлаш мақсадида барча зарурий техникалар билан жиҳозлангани маълум қилинди.
Шундан сўнг ҳудудий бошқармалар раҳбар кадрлари учун ташкил этилган амалий семинарда Агентлик масъул ходими томонидан “ДЙҲХ хизматида коррупция омилларини бартараф этиш масалалари” мавзусида амалий машғулот ўтказилди.
Унда тизим ходимларига коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Агентлик фаолияти, режалаштирилган йўналишлар тўғрисида маълумот берилди.
Шу билан бирга ДЙҲХ тизимида коррупцияга сабаб бўлувчи айрим ҳолатлар ҳамон сақланиб қолинаётгани, уларни бартараф этиш учун ўзаро ҳамкорликнинг ўрни муҳимлиги таъкидланди.
Семинар ўзаро мулоқот тарзида бўлиб ўтди ҳамда коррупцияни бартараф этиш бўйича соҳа ходимларининг ҳам ташаббуслари тингланди.