Жорий йилнинг 16 февраль куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандумда томонларнинг яқин истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, мажбуриятлар белгилаб олинди.
Меморандум доирасида университетда коррупция муаммоларини ўрганиш бўйича алоҳида магистратура мутахассислигини очиш бўйича ҳамкорликни амалга ошириш, коррупциянинг ҳолати, тенденциялари ва сабаблари юзасидан социологик, илмий ҳамда бошқа тадқиқотларни ташкил этиш каби вазифалар ўрин олган.
Шу билан биргаликда ушбу соҳадаги етакчи хорижий ОТМ, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатиш, хорижий мутахассис ва профессор-ўқитувчиларни университет ўқув жараёнига жалб этиш, коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратиш юзасидан эълон қилинган республика, халқаро ҳамда хорижий грант лойиҳаларида иштирок этиш, университет тизимида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш белгиланган.
Томонлар меморандумда кўзда тутилган вазифаларни ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этиш учун тегишли амалий ҳаракатларни амалга оширишга келишиб олишди.