Бугунги учраётган масалаларнинг туб моҳиятига етиш, унинг илдизини аниқлаш учун дастлабки бўғиндан бошлаб барча шарт-шароитлар ўрганилмаса, у муаммони ҳал қилиш учун қилинган ҳаракатлар самарасиз бўлади.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган “маҳаллабай” ва фуқаролар билан юзма-юз ишлаш тизиминининг мазмуни ҳам шунга қаратилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2020 йил 6 ноябрдаги соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида соҳадаги коррупцион ҳолатларни бартараф этиш, соҳасини шаффоф тизимга айлантириш юзасидан Коррупцияга қарши кураш агентлиги зиммасига юклатилган вазифалар ижроси ҳамда Миллий кенгаш қарори билан соғлиқни сақлаш тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ҳудудларда ўрганиш ва мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Жорий йилнинг 17-18 февраль кунлари Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов Андижон вилоятидаги тиббиёт муассасалари фаолиятини ўрганди.
Жумладан, ҳудуддаги ихтисослашган шифохоналар, туман тиббиёт бирлашмалари, оилавий поликлиникалар ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш марказларида фаолият юритаётган шифокор ва ҳамширалар билан учрашувлар ўтказилди.
Барча муассасаларда ходимларга коррупция ҳолатлари, уни келтириб чиқарувчи омиллар, таниш-билишчилик ва порахўрликка йўл қўймаслик тўғрисида маълумот берилди. Шу билан бирга, коррупция жиноятлари учун белгиланган жавобгарлик чоралари ҳақида огоҳлантирилди.
Шунингдек, ўрганишлар давомида беморлар билан мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг соғлиқни сақлаш тизими юзасидан фикрлари ўрганилди. Яратилган шарт-шароитлар, бепул хизматдан фойдаланиш даражаси, дори-дармонлар билан таъминланганлиги, шифокорлар томонидан ортиқча нарсалар талаб қилиш ҳолати, ишга қабул қилиш тартиби каби масалаларга эътибор қаратилди.
Ўрганишлар давом этмоқда.