Жорий йилнинг 12 февраль куни Ички ишлар вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига криминоген вазияти мураккаб бўлган ҳар бир вилоятнинг ҳуқуқ-тартибот идораларида коррупциявий омилларни бевосита аҳоли билан мулоқот ташкил этган ҳолда, жамоатчилик фикри таҳлили асосида чуқур ўрганиш вазифаси юклатилди.
Топшириқ ижросини ўз вақтида ва самарали таъминлаш мақсадида 19 февраль куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов Андижон вилоятидаги жиноятчилик кўп энг содир этилаётган Андижон шаҳри, Асака ва Андижон туманларида ички ишлар органлари фаолияти, профилактика инспекторлари ҳамда аҳоли билан учрашди.
Жумладан, Андижон шаҳар Ички ишлар органлари мувофиқлаштириш бошқармаси 1-сонли ва 6-сонли ички ишлар бўлимига, Андижон вилоят ИИБ ЙҲХБ, Андижон шаҳар ички ишлар органлари мувофиқлаштириш бошқармаси 1-сонли ИИБ ички миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларида коррупцияга сабаб бўлувчи омиллар ўрганилди. Мазкур жараёнларда ички ишлар ходимлари билан шахсан мулоқот қилиниб, иш фаолияти самарадорлиги, шаффофлиги, фуқаролар билан муносабатлар муҳокама қилинди.
Ўрганишлар жараёнида жойларда ички миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими фаолиятида инсон омили даражаси юқори экани, соҳада рақамлаштириш ишлари олиб борилаётган бўлсада, ҳамон маълум тўсиқлар мавжудлиги аниқланди.
Ташриф давомида Асака туманида жойлашган жиноятчилик кўрсаткичи юқори бўлган “Барака” МФЙ профилактика инспектори билан бевосита мулоқот қилинди ва иш фаолиятига салбий таъсир қилувчи тизимли муаммолар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Асака туманидаги қатор маҳаллаларнинг аҳолиси билан суҳбат уюштирилиб, ҳуқуқ тартибот идоралари ва ички ишлар органлари фаолияти, хусусан, фуқароларнинг профилактика инспектори томонидан олиб борилаётган ишлардан қониқиш даражаси ҳақида ижтимоий сўров ўтказилди.
Ўрганишлар давом этмоқда.