Ўзбекистон ва Хитой Республикалари ўртасидаги ҳамкорлик йўналишлари доираси жорий йилдан бошлаб кенгаядиган бўлди. Бу ҳақидаги масала 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси вакиллари иштирокида коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги ҳамкорлик масалаларига оид онлайн учрашувда муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов ҳамда Хитой Халқ Республикаси Миллий назорат комиссияси раиси Ян Сяоду, ХХР Ташқи ишлар вазири ўринбосари Лэ Юйчэн ва бошқа масъуллар иштирок этишди.
Маълумот учун: Хитой Халқ Республикасининг Миллий назорат комиссияси мамлакатдаги коррупцияга қарши курашиш бўйича энг олий орган бўлиб, маъмурий жиҳатдан Олий Халқ суди ва Олий Халқ прокуратурасига тенглаштирилган.
Комиссия раиси Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши томонидан тайинланади. Миллий назорат комиссияси Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши ва унинг доимий қўмитаси олдида ҳисобдордир.
Муҳокамалар жараёнида коррупцияга қарши курашишда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, Хитой ва Ўзбекистон ваколатли органлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ва қонун ижодкорлиги масалаларига асосий эътибор қаратилди.
Хусусан, коррупцияга қарши курашишда самарали ҳамкорлик механизми ва йўналишларни белгилаш, “Бир макон, бир йўл” лойиҳасини ҳамкорликда амалга ошириш, Коррупцияга қарши БМТ Конвенцияси доирасида алоқаларни кучайтириш томонлар учун алоҳида эътиборда эканлиги таъкидланди.
Мулоқотда Агентлик директори сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилганини, 2020 йилда соҳага оид муҳим ташкилий, дастурий ҳужжатлар қабул қилиниб, алоҳида мустақил идора ташкил этилганини қайд этди.
Агентлик коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантирувчи, мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи этиб белгилангани таъкидлади. Шунингдек, Агентлик томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда унинг олдига қўйилган муҳим вазифалар, хусусан, халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар бўйича маълумот берилди.
Ўз навбатида Ян Сяоду Хитой Халқ Республикаси ҳам мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Бундан ташқари Ян Сяоду Хитой давлатининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ўзига хос тажрибаси, бу хавфли иллатни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган йўналишлар тўғрисида маълумот берди. Хусусан, давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш, қонунчиликни такомиллаштириш, давлат хизматчиларига ҳалоллик тамойилларини сингдириш, хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар, пора олиш, давлат мулкини ўзлаштириш каби жиноятларни олдини олиш, аниқлаш, тергов қилиш каби вазифаларни амалга ошириши таъкидланди.
Томонлар давлат органларида коррупцияни олдини олиш бўйича самарали механизмларни биргаликда ишлаб чиқиш, давлат хизматчиларига ҳалоллик ва одоб-аҳлоқ қоидаларини сингдиришга қаратилган ўқувларни ташкил қилишда ҳамкорлик қилиш, давлат хизматида коррупцияни олдини олиш инструменти ҳисобланган ротация институти бўйича Хитой тажрибасини ўрганиш масалалари бўйича ўзаро келишувга эришдилар.
Учрашув конструктив мулоқот руҳида бўлиб ўтди.