Жорий йилнинг 17 февраль куни фуқаро Ю.Р. Коррупцияга қарши курашиш агентлигига мурожаат қилиб, ўзини Ўзбекистон Республикаси Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги “комплаенс-назорат” бўлими ходими деб таништирган Д.М., ундан танишини Тошкент давлат иқтисодиёт университетига давлат гранти асосида ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 15000 АҚШ доллари талаб қилаётганлигини билдирди.
Мазкур аризани ўрганиш бўйича олиб борилган тадбирлар давомида, фуқаро Д.М.нинг таъмагирлик ҳаракатлари тўлиқ тасдиқланди.
Жорий йилнинг 26 февраль куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Олмазор туман бўлими ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тадбир давомида, фуқаро Д.М. келишилган 15000 АҚШ долларини олаётган вақтда жиноят устида қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Д.М.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.