Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 12 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишдаги топшириғига кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан республиканинг барча вилоятларида ички ишлар органлари фаолиятидаги коррупцион омиллар ўрганилмоқда.
Навбатдаги ўрганишлар Наманган вилоятида давом эттирилиб, дастлаб Агентлик ва вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимлари ҳамда соҳавий хизматларининг раҳбар, ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда агентлик раҳбари А.Бурханов томонидан ходим ва фуқаро ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган коррупцион ҳолатларга етакловчи омиллар тўғрисида сўз юритилди.
Йиғилишда ички ишлар органлари тизимида миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими, йўл ҳаракати хавфсизлиги, тергов департаменти ва ҳуқуқбузарлик профилактикаси каби тузилмалар бошқа соҳаларга нисбатан коррупция хавфи юқори бўлган хизматлар ҳисобланиши қайд этилди. Чунки мазкур хизмат ходимлари бевосита фуқаролар билан тўғридан-тўғри муносабатга киришади.
Шунингдек, мавжуд тўсиқ ва камчиликларни аниқлаш мақсадида фуқаролар билан доимий мулоқотда бўлувчи ходимлар орасида ўрганиш ўтказилиши алоҳида таъкидланди.
Айни пайтда агентлик томонидан ходимлар фаолияти ўрганилмоқда, шунингдек, ҳудуд аҳолисининг ҳам фикр ва таклифлари ўрганилмоқда.