Жорий йилнинг 4 март куни Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Корея Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш ва фуқаролик ҳуқуқлари бўйича комиссияси вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув икки давлат ўртасида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш, идоралараро ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш ва илғор тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилди.
Учрашувда томонлар соҳадаги долзарб масалалар юзасидан вебинарлар ташкил этиш, жумладан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолияти самарадорлигини мониторинг қилиш ҳамда баҳолаш бўйича тажриба алмашиш ҳамда икки томонлама ҳамкорлик асосини яратиш мақсадида ўзаро англашув Меморандуми лойиҳасини ишлаб чиқиш ишларини бошлаш юзасидан келишувга эришдилар.