Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилгандан 2021 йилнинг 1 мартига қадар Агентликка жисмоний ва юридик шахслар томонидан 1 930 та мурожаат келиб тушган.
Келиб тушган мурожаатларининг 120 дан зиёди ижобий ҳал этилган, 255 та мурожаатга ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилган ҳамда Агентлик раҳбарияти томонидан ташкил этилган шахсий ва сайёр қабулларда жисмоний ва юридик шахсларнинг муаммолари тезкорликда ҳал этиш чоралари кўрилган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ва ҳудудларда фуқаролар билан доимий учрашувлар ўтказиб келинмоқда. Хусусан, ўтган вақт давомида Агентлик директори ва унинг ўринбосарлари томонидан мунтазам сайёр ва шахсий қабуллар ташкил этилди. Учрашувларда 150 нафардан зиёд жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш чоралари кўрилган.
Мурожаатларда кўрсатиб ўтилган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 37 та тақдимнома, 5 та огоҳлантириш, 58 та сўровномалар киритилиб, шундан 15 та мурожаат бўйича жиноят ишлари қўзғатилган, 18 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган, 4 нафар шахсга нисбатан маъмурий иш қўзғатилган, 4 нафар мансабдор шахснинг қарори ҳамда 3 та тендер савдолари бекор қилинган ва мавжуд хато-камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилган.
Шунингдек, фуқаролар томонидан Агентликка коррупцион хатти-ҳаракатлар мавжудлиги эҳтимоли билан йўлланган аризалар ўрганилиши натижасида кўплаб мурожаатлар қаноатлантирилди.
Мисол учун, Агентликка қилинган мурожаат асосида Тошкент давлат иқтисодиёт университетига давлат гранти асосида ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилган шахс қўлга олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, «Яллама» чегара-божхона постида товламачилик йўли билан пул ундириб келган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Давлат хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида автофура чегара-божхона пости орқали ўтишлари жараёнида божхона расмийлаштирувини тезлаштиришни баҳона қилиб, улардан товламачилик йўли билан пул ундириб келган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Натижада, улардан 410 минг АҚШ доллари, турли кўринишдаги 21 дона сохта муҳр ва штамплар, компьютер техникалари ҳамда божхонага оид шубҳали ҳужжатлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди. Жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган, уларнинг икки нафар етакчисига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан фуқароларнинг коррупцион ҳолатлар эҳтимоли ёки таниш-билишчиликка йўл қўйилганликда гумонланиб йўллаган мурожаатларини ҳам доимий ўрганиб келмоқда.
Хусусан, Данғара туманида яшовчи фуқаро А.Нормуротовнинг мурожаати бўйича (ҳокимлик мансабдор шахслари суд қарори ижросини таъминламай келган) ўрганишлар ўтказилди. Аниқланишича, Учкўприк тумани маъмурий суди томонидан мазмунан кўриб чиқилиб, Данғара тумани ҳокимининг қарори ҳақиқий эмас деб топилган. Бироқ, туман ҳокимлиги юқоридаги суд қарори ижросини таъминламай келган. Ўтказилган ўрганишлар натижасида Учкўприк тумани маъмурий суди қарорининг ҳокимлик томонидан ижроси таъминланиб, туман ҳокимлигига расмий огоҳлантириш берилган.
Яна бир ҳолат. Агентлик томонидан Шовот туманида яшовчи фуқаро Н.Юсуповнинг мурожаати (унга тегишли бўлган ер майдонида ноқонуний равишда қурилган иморатни буздириб, ер майдонидан мажбурий тартибда чиқаришни сўраган) ўрганиб чиқилди.
Муаллиф ўз мурожаатида даъвогарга нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, Хоразм вилояти, Шовот тумани, Ўзбекистон қишлоғида жойлашган 500 кв.м ер майдонида ноқонуний равишда қурилган иморатни буздириб, ер майдонидан мажбурий тартибда чиқаришни сўраган. Мазкур низоли ҳолат турли инстанция судлари томонидан кўриб чиқилиб, тегишли суд қарорлари қабул қилинган.
Бироқ, Н.Юсупов суд томонидан қабул қилинган қарорлардан норози бўлиб, Агентликка йўллаган мурожаати асосида, маъмурий иш ҳужжатлари ўрганиб чиқилиб, Хоразм вилояти маъмурий суди кассация инстанциясининг 2020 йил 16 октябрдаги ажримини бекор қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига сўровнома киритилган. Сўровнома натижаси бўйича Олий суд томонидан юқоридаги суд қарори бекор қилинган.
Агентлик томонидан Тошкент шаҳрида яшовчи Нидерландия Қироллиги фуқароси Г.Шольтенинг мурожаати ўрганиб чиқилган.
Муаллиф мурожаатида Андижон шаҳрида яшовчи Г.Т уни алдаб, жами 51 минг АҚШ доллари пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши ИИБ органи терговчилари томонидан асоссиз тугатилганидан норозилик билдирган.
Агентлик томонидан муаллиф мурожаатини ўрганиб чиқиш давомида Андижон вилоят прокуратурасига Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 382-моддаси тартибида жиноят иши бўйича қабул қилинган қарорнинг қонунийлигини ўрганиб чиқиш бўйича сўровнома юборилган.
Жиноят иши ҳужжатлари Андижон вилоят прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилиб, жиноят ишини тугатиш ҳақидаги Андижон вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси терговчисининг қарори бекор қилиниши таъминланган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги барча мурожаатларнинг аҳамияти юқори эканлиги ва ҳар бир мурожаатнинг ортида инсонлар тақдири турганлигини инобатга олган ҳолда доимо жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга ҳаракат қилади.
Шу билан бирга, Агентлик келиб тушаётган мурожаатлар сони кундан-кунга сезиларли даражада ошиб бораётганлиги сабабли фуқаролардан аризаларда коррупцион хатти-ҳаракатлар ҳақида батафсил, аниқ далиллар асосида тақдим этилишини сўрайди. Бу аризанинг масъуллар томонидан ҳар томонлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқилишига хизмат қилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати