Коррупцияга қарши курашиш агентлигига Сурхондарё вилояти туманларидан биридаги умумтаълим мактабининг бир неча ходимлари жорий йилнинг 9 февраль куни мурожаат йўллаган. Мурожаатда умумтаълим мактаби мансабдор шахслари томонидан бюджет маблағларининг сарфланишида жиддий қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги баён қилинган.
Хусусан, мактаб масъулларидан бири 10 нафар ўқитувчиларнинг ойлик маошларидан ноқонуний равишда турли миқдордаги чегирмалар ушлаб қолаётганлиги ҳамда 2 нафар ходим номига расмийлаштирилган ойлик иш ҳақларини «ЎЗАСБО» тизими орқали мақсадсиз сарф қилаётганлиги маълум қилинган.
Агентлик томонидан ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида, жорий йилнинг 15 февраль куни Халқ таълими вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти Давлат молиявий назорати бошқармасига мурожаатда кўрсатилган важлар юзасидан муаллифлар иштирокида текшириш ўтказиш бўйича сўров юборилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, мактабнинг мансабдор шахслари томонидан 2017-2020 йиллар мобайнида 95 та ҳолат бўйича анча миқдордаги бюджет маблағлари ноқонуний ўзлаштирилиб, талон-торож қилинганлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар тегишли чора кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилди.