2021 йилнинг февраль ойи давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан қонунчиликни такомиллаштириш, соҳалардаги коррупцион хавф-хатарларни ўрганиш, аҳолида коррупцияга нисбатан муросасизлик кайфиятини шакллантириш, халқаро алоқаларни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш ҳамда фуқаролар мурожаатларини ўрганиш йўналишларида бир қатор ишлар олиб борилди.
Қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан амалга оширилган ишлар
Агентлик фаолиятининг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга қаратилган “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва коррупцион ҳолатлар юзасидан маълумотлар алмашиш, тезкор тадбирлар ташкил этиш каби масалаларни қамраб олувчи “Агентликнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом лойиҳаси белгиланган тартибда ўтказилган ҳуқуқий экспертиза натижалари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда келишмовчиликлар жадвали тайёрланиб, Адлия вазирлигига юборилди.
“Коррупциясиз соҳа” лойиҳалари ва бошқа соҳалар доирасидаги ўрганишлар
1. Навоий ва Андижон вилоятлари ҳокимликларидаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияларида давлат харидлари, давлат мулкини бошқариш ва ундан фойдаланишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан ўрганиш ўтказилди.
Аниқланишича, “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари томонидан ўтказилган танлов ва тендерларда аффилланганлик ҳолатлари мавжудлиги, танлов ва тендерларни ўтказиш жараёнларида “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун ва бошқа қонуности норматив ҳуқуқий-ҳужжатлар талаблари бузилган.
Шунингдек, фойдаланишга топширилган биноларда назорат ўлчови ўтказилганда қурилиш объектларида белгиланган ишларнинг етарли бажарилмагани (камомад) аниқланди. Бундан ташқари 7 та ҳолатда суғурта полислари мавжуд бўлмаган ҳолда 9,6 млрд. сўмлик қурилиш объектлари молиялаштирилганлиги аниқланди.
Ўрганиш якунлари бўйича Бош прокуратурага юборилган сўровномалар асосида 4 та жиноят иши қўзғатилган.
2. Агентлик директорининг Фармойиши асосида Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг қуйи тизимларида ҳамда уставида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган сув хўжалиги соҳасидаги давлат корхона, муассаса ва ташкилотларда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқлаш ва тегишли баҳо бериш йўналишидаги ишларнинг умумий ҳолати ўрганилди.
Хусусан, ўрганишда Норин-Қорадарё ирригация тизимидаги ирригация бўлими мансабдор шахслари томонидан бюджет ҳисобидан ажратилган иш ҳақларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланди. Тўпланган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилган бўлиб, ўрганиш якуни бўйича бўлим мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 12 февраль куни Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида вазирликнинг қуйи тизимларида коррупцион ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқараётган омилларни аниқлаш ва коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати бўйича ўрганиш Агентликка юклатилди. Шунга кўра, Агентлик томонидан Ички ишлар вазирлиги ва унинг қуйи тизимларида коррупцион ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқараётган омилларни аниқлаш ва коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати юзасидан ўрганиш ўтказилмоқда. Жумладан, февраль ойи давомида Агентлик вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Наманган, Хоразм, Қашқадарё вилоятларида тегишли чора-тадбирларни амалга оширди.
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2020 йилнинг 6 ноябрь куни ўтказилган йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига соғлиқни сақлаш тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича қатор вазифалар юклатилган. Шу муносабат билан, февраль ойи давомида Агентлик вакиллари томонидан жойлардаги тиббиёт муассаслари, оилавий поликлиникаларда тушунтириш ва тарғибот ишлар олиб борилди.
Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш
Коррупцияга қарши курашиш агентлигига 2021 йил февраль ойи давомида жами 491 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 404 тасининг кўриб чиқилиши таъминланган (ҳозирда 87 та мурожаат кўриб чиқилмоқда).
Келиб тушган мурожаатларининг 29 таси ижобий ҳал этилган, 61 та мурожаатга ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилган, 18 та мурожаат аноним деб топилган.
Мурожаатларда кўрсатиб ўтилган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 4 та тақдимнома, 1 та огоҳлантириш, 24 та сўровномалар киритилган.
Шундан 1 та мурожаат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, 1 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган, 1 нафар шахсга нисбатан маъмурий иш қўзғатилган ва мавжуд хато-камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилган.
Февраль ойида Агентликка қуйидаги соҳа ва йўналишлар бўйича мурожаатлар келиб тушган. Жумладан, суд қарорларидан норозиликлар 69 та (14,1%), ер майдони ажратилмаётганлиги, ер низолари ва ер майдонлари талон-тарож бўлаётганлиги бўйича 47 та (9,6%), ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан норозиликлар 44 та (9,0%), прокуратура органлари қарорларидан норозиликлар ва прокуратура органларига қилинган мурожаатлар ҳал бўлмаётганлиги бўйича 34 та (6,9%), айрим хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг хатти-ҳаракатларидан норозиликлар масаласида 30 та (6,1%) ва бошқа йўналишларда мурожаатлар келиб тушган.
Улар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда Тошкент шаҳри бўйича 116 та, Тошкент вилояти бўйича 60 та, Сурхондарё вилояти бўйича 57 та, Самарқанд вилояти бўйича 53 та, Қашқадарё вилояти бўйича 41 та, Хоразм вилояти бўйича 33 та, Наманган вилояти бўйича 24 та, Жиззах вилояти бўйича 22 та, қолган ҳудудлардан эса жами 85 та мурожаатлар келиб тушган.
Мурожаатлар асосида ўтказилган тадбир ва ўрганишлар
Навоий вилояти Хатирчи туманида яшовчи фуқаро Ф.Х. “Навоий мулк маркази” МЧЖ Навоий филиали томонидан “Хатирчи Агросервис МТП” МЧЖ устав фондидаги “Навоий Агросервис МТП” МЧЖга тегишли бўлган улушнинг сотилиши бўйича ўтказилган танлов натижасидан норозилиги ҳақидаги аризаси мазкур танлов ҳужжатларини чақириб ўрганиш орқали кўриб чиқилди. Ўрганиш натижасида “Навоий мулк маркази” МЧЖ Навоий филиали томонидан ўтказилган танлов юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талабларига тўлиқ риоя қилинмай, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди. Қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар сўровнома шаклида қонуний баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилди.
Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро М.И.ни аризасида Шайхонтоҳур тумани А.Қодирий кўчасида автобус тўхташ бекатида олиб борилаётган қурилиш (қайта таъмирлаш) ишлари белгиланган лойиҳа-смета ҳужжатларидан четга чиқилган ҳолда олиб борилаётганлиги ҳақидаги важлари Агентлик томонидан Қурилиш вазирлиги ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси мутахассислари иштирокида ўрганиб чиқилиб, ноқонуний қурилиш жойида бартараф этилиши таъминланди. Шунингдек, белгиланган лойиҳа ҳужжатларидан четга чиқиб кетилгани сабабли, Шайхонтоҳур туман ҳокимининг 2020 йил 16 октябрдаги 700-сонли қарори бекор қилинди.
Айрим мурожаатлар бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қабул қилинган қарорлар иш материалларини чақириш йўли билан ўрганилиб, муносабат билдирилиши таъминланди. Масалан, Агентлик томонидан фуқаро И.Т.нинг мурожаати бўйича жиноят иши ҳужжатлари ўрганилганда, бир қатор ҳолатлар тергов йўли билан текширилиб, қонуний баҳо берилмаганлиги, аниқланмаганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига иш ҳужжатлардаги камчиликларни бартараф қилиш ҳақида сўровнома киритилди.
Жамоатчилик билан алоқалар ҳамда ОАВларида чиқишлар
Февраль ойи давомида Агентлик фаолияти, шунингдек, аҳолида коррупцияга қарши муросасизлик кайфиятини шакллантиришга қаратилган мавзуларда оммавий ахборот воситалари орқали жами 103 маротаба чиқишлар ташкил этилди.
Жумладан, веб-сайтларда 31 маротаба агентлик ҳақида янгилик ва мақолалар чоп этилган. Уларнинг аксарияти Агентлик ва ҳамкорлар томонидан амалга оширилган тезкор тадбирларга (Самарқанд, Андижон) оид хабарлардир.
Шу билан бирга жойларда ташкил этилаётган ички ишлар органлари тизимидаги ўрганишлар Ички ишлар вазирлигининг расмий сайти ва ҳудудий бошқармалари сайтида ёритиб келинмоқда.
Бундан ташқари, Агентлик томонидан Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Коррупция – тараққиётга қарши жиноят” мавзусида қисқа метражли видеороликлар тайёрланиб, “Ўзбекистон кабель телевидениеси”, “Ўзбекистон 24”, “Ўзбекистон”, “Маҳалла”, “Тошкент” ва ҳудудлар ТРКлари орқали эфирга узатилди. Шунингдек, республика миқёсида шаҳар марказлари ва аҳоли гавжум жойлардаги электрон таблоларда тарғибот материаллари жойлаштирилди.
Халқаро ҳамкорлик йўналишида амалга оширилган ишлар
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2021 йил февраль ойи давомида халқаро ҳамкорлик йўналишида қуйидаги ишлар амалга оширилди ҳамда қатор масалаларда келишувларга эришилди.
Хусусан, Агентлик раҳбарияти ва вакиллари иштирокида 10 га яқин учрашувлар ташкил этилди. Жумладан, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси, ИҲТТ Коррупцияга қарши курашиш тармоғи раҳбари, Халқаро валюта жамғармаси масофавий миссияси, Жаҳон Банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) раҳбари, Хитой Халқ Республикаси Миллий назорат комиссияси раиси билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди.
Буюк Британия ва Хитой элчилари билан учрашув давомида тегишли давлатлар ваколатли органлари билан профессионал алоқаларни йўлга қўйиш муҳокама қилинди.
Жаҳон Банки, ИҲТТ, Халқаро валюта жамғармаси ва USAID вакиллари билан учрашув давомида Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш тизимини ташкилотлар кўмагида ривожлантириш юзасидан қатор масалалар муҳокама қилинди.
22 февраль куни Агентлик директори Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди. Тадбир давомида Ўзбекистон Республикасини Transparency International халқаро нодавлат ташкилотининг коррупцияни қабул қилиш индексидаги ўрнини яхшилаш борасида тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Агентлик томонидан қуйидагилар амалга оширилмоқда:
- БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясини Ўзбекистонда амалга оширилиши доирасида 2-босқич обзорини ўтказиш юзасидан Конвенция обзори доирасида баҳолаш назорат рўйхати (саволнома) асосида тегишли вазирлик ва идоралардан керакли маълумотлар қабул қилиниб, уларни умумлаштириш ишлари олиб борилмоқда;
- Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Истанбул ҳаракатлар режаси доирасидаги 5-раунд мониторингидан ўтказилиши юзасидан методологик ўрганиш ва ташкилий чоралар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг Иштирокчи-давлатлари коррупцияга қарши курашиш идоралари ва омбудсманларининг 4-йиғилишини ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари ҳам амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси томонидан 2020 йилда тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига имплементация қилишни давом эттириш бўйича “Йўл харитаси”нинг давлат органлари томонидан январь-февраль ойларида амалга оширилиши Агентлик томонидан мониторинг қилиниб, тегишли маълумотлар асосида Миллий кенгашга маълумотнома тайёрланмоқда.