Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат ташкилоти ва маҳаллий ҳокимият вакиллари учун давлат хизматида ҳалолликни таъминлашга оид хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш бўйича туркум семинарлар ўтказиш режалаштирилган.
Жорий йилнинг 16 март куни “Давлат хизматида ҳалолликни таъминлаш: Буюк Британия тажрибаси” мавзусида семинарларнинг дастлабкиси бўлиб ўтди.
Ушбу семинар Буюк Британиянинг Ҳукуматлараро ҳамкорлик хизмати билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда 80 дан ортиқ давлат ташкилоти ва маҳаллий ҳокимликлар тузилмасидаги коррупцияга қарши курашиш масалаларига масъул бўлган ходимлар иштирок этди.
Маълумот учун: Ҳукуматлараро ҳамкорлик хизмати (ҲҲХ) Ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт идорасининг бир қисми бўлиб, у шериклик алоқалари ўрнатилган чет давлатлар ҳукуматларига, улар ўз фуқароларига яхшироқ хизматлар кўрсатишида Буюк Британия давлат хизматлари тажрибасига таяниб маслаҳатлар бериш орқали мамлакатларнинг давлат хизматларини тақдим этишдаги салоҳиятларини оширишга ёрдам беради.
Тадбирни кириш сўзи билан Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллигининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Тим Торлот очиб берди.
-Биз Буюк Британия ҳукумати томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг мамлакатда ушбу иллатга қарши курашишдаги барча сайи-ҳаракатларини қўллаб қувватлаймиз. Агентлик томонидан амалга оширилаётган ишлар муҳимлигини эътироф этамиз ҳамда ҳамкорликка тайёрмиз. Айниқса, давлат хизматчиларида ҳалоллик кўникмаларини шакллантириш бўйича ўқув-семинарлар ташкил этиш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз.
Давлат хизматчилари давлат ва халқ орасидаги асосий боғловчи ришта ҳисобланади. Шу боисдан ушбу масалага жиддий эътибор қаратишимиз лозим.
Буюк Британия давлат хизматидаги ҳалоллик, муайян меъёрларга амал қилиш стандартларни сизлар билан ўртоқлашишга тайёрмиз.
Семинарда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Коррупцияга қарши курашиш агентлигига давлат хизматига ҳалоллик стандарти (“ҳалоллик вакцинаси”) ва манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш стандартларини жорий этишда кўмаклашиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш, шунингдек, уларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш вазифаси юклатилган.
Шу мақсадда вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар ҳамда экспертлар иштирокида соҳага оид қонунчилик базасини такомиллаштириш, ташкилий масалаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва албатта ушбу йўналишда ходимлар малакасини оширишга қаратилган қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Тадбирда халқаро маърузачи доктор Лейла Броснан томонидан Буюк Британиянинг соҳага оид қонунчилиги, амалиёти, давлат хизматида ахлоқий хулқ-атворни қўллаб-қувватлаш масалаларига тўхталиб ўтди. Жумладан, “Конституциявий ислоҳот ва бошқарув тўғрисида”ги, “Порахўрлик тўғрисида”ги, “Aхборот эркинлиги тўғрисида”ги қонунлар, “Давлат хизмати тўғрисида”ги кодекс, “Совғалар ва харажатлар тўғрисида”ги қоидалар, собиқ давлат хизматчилари хусусий секторга ишга ўтиши юзасидан Буюк Британиянинг амалиёти, Буюк Британия Парламентига аъзолар тайинлаш тажрибаси қамраб олинди.
Таъкидланганидек, Буюк Британияда давлат хизматчилари амал қилиши лозим бўлган хулқ-атвор стандартлари “Давлат хизмати тўғрисидаги кодекс” билан тартибга солинади. Кодекс қоидаларига амал қилинишида Давлат хизматлари бўйича мустақил комиссия ташкилоти алоҳида ўринга эга.
Шунингдек, Буюк Британиянинг давлат хизматлари билан боғлиқ совғаларни қабул қилиш ва давлат хизматида даромадалар ва харажатлар тўғрисида маълумотлар тақдим этишни тартибга солувчи қоидалар ҳам киритилган.
Бундан ташқари Буюк Британияда собиқ вазирлар, юқори лавозимли ва бошқа давлат хизматчилари учун янги иш жойлари тўғрисида, айниқса, бизнесга, хусусий секторга ўтиш тартиби аниқ қоидалар билан белгиланган ҳамда Хусусий секторга ўтиш бўйича маслаҳат қўмитаси ушбу жараёнга масъул ҳисобланади.
Семинарда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳам мазкур соҳаларни тартибга солувчи қонунчилик асослари яратиш бўйича тегишли чоралар кўрилаётгани қайд этилди. Жумладан, “Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулкини декларация қилиш ва манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасига манфаатлар тўқнашуви ҳамда совға масалалари бўйича тегишли таклифлар киритилди. Шу билан бирга Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши томонидан тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига имплементация қилишни давом эттириш бўйича “Йўл харитаси”да ҳам собиқ давлат идораси мансабдор шахсларининг фаолияти давомида бошқарув ва назорат соҳасида маълум бир фаолият юритмаслик талабини, ходимларнинг касбга оид фазилатлари ва алоҳида хизматлари (меритократия тамойили) асосида хизмат поғоналарида кўтарилишнинг шаффоф механизмларини жорий этиш тўғрисидаги нормаларни акс эттириш белгиланган.
Тадбир якунида соҳага ушбу йўналишни такомиллаштиришда ҳамкорлик алоқаларини янада яхшилаш, бу соҳадаги ҳуқуқий асосларни ривожлантириш ҳамда давлат хизматида ҳалоллик стандартини жорий этишга қаратилган семинарларни мунтазам ташкил этишга келишиб олинди.