Давлат раҳбари топшириғига асосан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳар бир ҳудуднинг ҳуқуқ-тартибот идораларида коррупциявий омилларни бевосита аҳоли билан мулоқот ташкил этган ҳолда, жамоатчилик фикри таҳлили асосида ўрганишлар давом этмоқда.
Жорий йилнинг 16 март куни ўрганишлар Фарғона вилояти ҳудудида бўлиб ўтди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ҳамда ишчи гуруҳ аъзолари дастлаб, Фарғона вилоят ИИБ фаолияти билан танишишди. Бунда “102” шошилинч рақамининг ишлаш тизими ва у орқали билдирилаётган мурожаатларнинг қабул қилиш жараёнлари ўрганилди.
Кейинги ўрганиш манзили Фарғона шаҳар Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бўлди. Бўлимда расмийлаштирилган ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланиши ва ўз эгаларига топширилишида муаммолар мавжудлиги аниқланди.
Фарғона шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида ҳам фуқаролар билан суҳбат ташкил этилди. Мулоқотда навбат асосида хизмат кўрсатилмаслиги, электрон тизим вақти-вақти билан ишламаслиги ва бу фуқароларни ҳақли эътирозига сабаб бўлаётганлиги, ташкилот атрофида хизмат кўрсатиш шароитини яхши эмаслиги таъкидланди. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ички ишлар органларининг фуқароларга хизмат кўрсатувчи асосий тузилмаларидан бири ҳисобланувчи ушбу йўналишдаги камчиликнларни барчасини бартараф этиш лозимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга Фарғона ва Марғилон шаҳарларида профилактика инспекторларининг иш фаолияти билан танишилди, суҳбатлашилди, ҳудуддаги жиноятлар ортиш сабаблари, таҳлили ҳақида уларнинг фикрлари ўрганилди.
Ўрганишлар давом этмоқда.