2020 йилнинг 14 декабрь куни Хоразм вилояти Шовот туманида истиқомат қилувчи тадбиркор А.С. Коррупцияга қарши курашиш агентлигига мурожаат қилади.
Мурожаатда А.С. ўзига балиқ ҳовуз ташкил қилиш учун ажратилган ер майдонининг бир қисми Шовот туман ҳокимининг қарори билан фуқаро Ш.Р.га нотўғри берилганлиги таъкидлаган. Ш.Р. томонидан мавжуд зовур ҳамда унинг муҳофаза зонасида бино-иншоот қурилганлиги, сув келадиган йўлларни ёпиб қўйилганлиги сабабли, А.С. тадбиркорлик фаолиятини бошлай олмаётганлигини билдирган. Шунингдек, ушбу ҳолат юзасидан бир неча суд инстанциялари томонидан турли хилдаги қарорлар чиқарилганлиги маълум қилинган.
Агентлик томонидан ушбу масала ўрганилиб, аниқланган ҳолатларни ҳар томонлама тўлиқ ва холисона кўриб чиқиб, қонунийлигига баҳо бериш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судига юборилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг қарорига асосан, Хоразм вилоят маъмурий суди кассация инстанциясининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, Шовот туман ҳокимининг фуқаро Ш.Р.га ер ажратиш тўғрисидаги қарори ҳақиқий эмас деб топилди.