Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) томонидан жорий йилнинг 23-25 март кунлари Коррупцияга қарши курашиш ва ҳалоллик бўйича Глобал форум ташкил этилди.
Маълумот учун: ИҲТТ 1961 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунга қадар идоравий ҳалоллик тўғрисида 270 дан ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиққан ҳамда ушбу ҳужжатларнинг аксарияти халқаро стандарт сифатида эътироф этилган.
ИҲТТнинг Шарқий Европа ҳамда Марказий Осиё давлатлари бўйича тармоғи Истанбул ҳаракатлар режасини амалга ошириш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза этиш органлари тизимини такомиллаштириш ҳамда коррупцияга қарши курашиш тизимини ҳуқуқий ва институционал жиҳатдан ислоҳ қилиш бўйича бир қатор тадбирларни амалга ошириб келади.
Онлайн ташкил этилаётган ушбу форумнинг “COVID-19 га жавоб ва ундан тикланиш жараёнларида коррупция ва ҳалолликнинг ўрни” мавзусида ўтказилган 25 март кунидаги сессиясида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов маърузачи сифатида иштирок этди. Сессия БМТ Тараққиёт Дастурининг Осиё-Тинч океани минтақасида тинч ва инклюзив жамиятлар учун коррупцияга қарши курашиш бўйича Глобал лойиҳаси томонидан ташкил этилди.
Сессияда Агентлик директори томонидан Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини кучайтириш бўйича сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан коронавирус пандемияси даврида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ва давлат харидлари соҳасидаги аниқланган айрим коррупцион ҳолатлар, уларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, соҳани такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилаётган лойиҳалар ҳақида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга ушбу жараёнларга нодавлат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситаларини фаол жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Маърузада қайд этилганидек, COVID-19 пандемияси даврида Ўзбекистон ҳукумати томонидан аҳолини ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида Инқирозга қарши кураш жамғармаси ташкил этиш, солиқ имтиёзлари, кредит таътиллари бериш орқали қўллаб-қувватланди. Аҳамиятлиси, мазкур жамғарма маблағларининг самарали сарфланишини таъминлаш, талон-торож бўлишини олдини олиш мақсадида ҳукумат томонидан янги, шаффоф механизмлар яратилди. Бу маблағлар сарфланиши устидан давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатишга, қонунбузилиш ҳолатларини олдини олишга, ҳисобдорликни оширишга хизмат қилмоқда.
Тадбирда шунингдек, Германиянинг Transparency International, Норвегиянинг U4, Швециянинг Sida каби коррупцияга қарши курашиш бўйича нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарияти ҳамда БМТ Тараққиёт дастури, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ва БМТ Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг вакиллари маъруза билан иштирок этдилар.
Сессия давомида тадбир иштирокчилари томонидан COVID-19 коронавируси пандемияси даврида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, ҳалолликни таъминлаш ҳамда давлатларнинг иқтисодий, ижтимоий салоҳиятини тиклаш юзасидан фикр алмашилди.