Жорий йилнинг 26 март куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган Миллий стратегияси лойиҳаси муҳокамасига бағишлаб, навбатдаги Миллий маслаҳат йиғилиши ташкил этилди.
Мазкур тадбирда Фанлар академияси, Давлат бошқарув академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Судьялар олий мактаби, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Ички ишлар Академияси, Тошкент давлат юридик университети ва бошқа етакчи илмий-тадқиқот институтлари вакиллари иштирок этишди.
Қайд этилганидек, “2021-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси” лойиҳаси “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури доирасида ишлаб чиқилган бўлиб, уни маромига етказиш, ҳаётийлигини таъминлаш мақсадида давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, академик доира вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирокида Миллий ва халқаро маслаҳатлашувлар ташкил этиш режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, мазкур Стратегиянинг дастлабки лойиҳаси жорий йилнинг 28 январь куни Олий Мажлис палаталари, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, вазирлик ва бошқа давлат ташкилотлари вакиллари билан, 18 март куни эса фуқаролик жамияти институти вакиллари иштирокида муҳокамадан ўтказилган эди. Муҳокамаларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш, давлат хизмати тизимининг норматив асосларини такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, давлат хизматчиларининг даромадларини декларация қилиш тизимини жорий этиш, давлат харидлари амалга оширишнинг самарали ҳуқуқий механизмларини яратиш, фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш бўйича 100 дан ортиқ таклифлар билдирилган эди. Шу аснода ҳар бир иштирокчи томонидан билдирилган таклифлар асосида стратегия лойиҳаси янада такомиллаштирилди.
Миллий маслаҳатлашув йиғилишининг навбатдагиси эса, Стратегия лойиҳаси юзасидан илмий ва академик доира вакилларининг фикрини олиш, масалага илмий асосда ёндашган ҳолда ўзаро муҳокама қилиб олиш ва унга таклифлар олиш мақсадида ташкил этилди. Йиғилишда Стратегия лойиҳасининг турли доира вакиллари иштирокида муҳокама қилиш муҳимлиги, зеро коррупцияни бартараф этиш учун биргина давлат органларини сафарбар қилиш орқали натижага эришиб бўлмаслиги, коррупция иллатини йўқотиш учун ҳамма бирлашиб, мувофиқлашган ҳолда курашни ташкил этиш лозимлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, коррупцияга қарши кураш ва уни олдини олишда соҳанинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш, жазо муқаррарлигини таъминлаш билан бирга масалага илмий ёндашув алоҳида аҳамиятга эга. Шунинг учун академик доира, илм вакилларининг ҳар бир фикри муҳимлиги эътироф этилди.
Йиғилишда қайд этилганидек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилаётган стратегия лойиҳасида ҳам узоқ ва яқин муддатларга мўлжалланган бир қатор стратегик масалалардан иборат.
Стратегия лойиҳасида жорий ҳолат таҳлили, ижобий тенденциялар, муаммолар, коррупцияни келтириб чиқараётган асосий омиллар, мақсад ва унинг индикаторлари ўрин олган.
Хусусан, унда давлат хизматида, шунингдек хусусий сектор ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш, самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда коррупциянинг олдини олиш, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар ўз аксини топган.
Қизғин баҳс-мунозаралар ва таклифларга бой ўтган йиғилишда ҳар бир иштирокчи ўз йўналишидан келиб чиққан ҳолда мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, ушбу йўналишдаги илмий тадқиқотлар амалга ошириш, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг дунёқарашини эътиборга олиш, жамиятдаги коррупцион сабабларни тўлиқ илмий тадқиқ этиш, бўйича тегишли таклифлар илгари сурилди. Бундан ташқари ушбу иллатга қарши курашишда иқтисодий масалаларга эътибор қаратиш, фуқароларнинг коррупцияга муросасизлик кайфияти шаклланиш жараёнларига психологик ва социологик ёндашиш зарурлиги бўйича ҳам фикрлар ўртага ташланди.
Билдирилган таклифлар асосида Миллий стратегия лойиҳаси юзасидан такомиллаштириш ҳамда келгусида хорижий экспертлар иштирокида Халқаро маслаҳат йиғилишини ўтказиш режалаштирилган.