Жорий йилнинг 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг 3-йиғилиши бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Миллий кенгаш раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Тадбирда сенаторлар, Миллий кенгаш аъзолари — мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилиш давомида Миллий кенгаш аъзолари ҳамда масъул идоралар вакиллари томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021–2025 йилларга мўлжалланган Миллий стратегия лойиҳасини тайёрлаш, Коррупцияга қарши курашиш бўйича икки йиллик давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш, давлат органларида очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини кенгайтириш, Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларини ташкил этиш, 2017-2020 йилларда давлат дастурлари ижроси юзасидан мактабгача таълим ташкилотларида объектларни қуриш ва таъмирлаш ишларида бюджет маблағларининг самарали сарфланганини ўрганиш масалалари каби бир қатор устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
Тадбир давомида, соғлиқни сақлаш ва давлат харидлари соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича бажарилган ишлар таҳлил қилинди. Мазкур соҳаларни тартибга солиш бўйича 10 дан ортиқ янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилгани эътироф этилди (янги таҳрирдаги “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси, Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат харидларини амалга оширишда харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш жараёнларини ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги 37-сон қарори ҳамда “Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 55-сон қарори, Давлат харидлари соҳасида фойдаланиладиган товарларнинг ягона миллий классификаторини юритиш қоидалари қабул қилинди, амалдагиларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди). Ушбу ўзгаришлар давлат харидлари соҳасига ахборот технологияларини кенгроқ жалб қилиш орқали инсон омилини чеклаш, очиқлик ва шаффофликни кенгайтириш, соҳада коррупцион хавф-хатарларни камайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Йиғилишда шунингдек, ҳудудларда қурилиш соҳасида ўтказилган тендер ва давлат харидлари юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижалари атрофлича таҳлил қилинди. Жумладан, Жиззах, Андижон, Навоий ҳамда Хоразм вилоятларидаги 59 та қурилиш объектлари бўйича давлат харидларини амалга оширишда бир қатор молиявий хато ва камчиликларга, шунингдек, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги аниқланган.
Ўрганиш натижалари бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирлик, идора ва ташкилотларга 13 та тақдимнома киритилиб, 25 та сўровнома ва 3 та огоҳлантириш хатлари юборилган. Мазкур сўровномалар бўйича прокуратура органлари томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 14 та жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида бажарилган ишлар ва олдинда турган устувор вазифаларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ҳар бир оилавий шифокорлик пункти, оилавий поликлиника ва шифохонанинг кириш жойларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган эслатма ҳамда тарғибот материаллари тайёрлангани, “1203” қисқа рақами орқали фуқаролардан соғлиқни сақлаш соҳасидаги коррупция ҳолатлари бўйича мурожаат йўллаш имконият яратилганлиги эътироф этилди.
Бундан ташқари, Андижон, Бухоро, Самарқанд вилоятларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси бўйича соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ишлар бўйича ўрганишлар натижалари ҳам таҳлил қилинди. Ўрганиш натижасида кадрларни ишга қабул қилишда очиқ танловлар асосида қабул қилиш тизими жорий қилинмаганлиги, тиббиёт соҳасида малака даражасига эга бўлган ва ўз соҳаси бўйича ишга жойлашиш истагида бўлган мутахассис кадрларнинг ягона маълумотлар базаси шакллантирилмаганлиги, шунингдек, ўрганиш ва ўтказилган мониторинг тадбирлари натижасида 2020 йилдан бугунги кунгача жами 50 млрд. сўмдан ортиқ қийматдаги молиявий хато камчиликлар аниқлангани таъкидланди.
Муҳокамалар давомида мазкур камчиликларни бартараф этиш ва ҳар икки соҳани коррупциясиз соҳага айлантириш бўйича тегишли таклифлар билдириб ўтилди.
Йиғилишда Миллий кенгаш томонидан 2020 йил декабр ойида тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини қонунчиликка имплементация қилишни давом эттириш бўйича йўл харитасининг ижро ҳолати ҳам муҳокама этилди.
Ушбу йўл харитаси асосида қуйидаги ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди. Хусусан:
- БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенцияси 7-моддаси, яъни сиёсий партияларни молиялаштиришда шаффофликни кучайтириш борасидаги қоидаларининг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунига егишли ўзгартириш киритилди;
- Ўзбекистон бизнесининг Коррупцияга қарши курашиш Хартияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
- Жиноят кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасида мансабдор шахс томонидан ноқонуний тарзда бойлик орттирганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш ўз аксини топди.
Кенгаш аъзолари шунингдек, Ўзбекистон Республикасида БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси қоидаларининг бажарилиш ҳолати мониторингини халқаро экспертлар томонидан ўтказилишини ташкил этиш чора-тадбирлари масаласини атрофлича муҳокама этишди.
Мониторинг доирасида БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясининг Коррупциянинг олдини олиш ва Активларни қайтариш бўйича чораларни назарда тутувчи қоидаларининг амалга оширилиш ҳолати ўрганилиши қайд этиб ўтилди.
Шу муносабат билан, йиғилишда мазкур мониторингни ўтказиш доирасида тегишли ташкилий ва ахборот-таҳлил фаолиятини амалга оширувчи Ишчи гуруҳлар таркиби тасдиқланди.
Мониторинг жараёнида халқаро экспертлар томонидан билдириладиган баҳо Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги ўрнини яхшилашда муҳим ўрин тутишини инобатга олиб, барча вазирлик ва идораларга ушбу жараёнларга жиддий эътибор қаратиш ва маълумотларни сифатли ва тўлиқ ҳолда тақдим этиш вазифаси юклатилди.
Кўриб чиқилган бошқа масалалар юзасидан ҳам тегишли қарорлар қабул қилинди.