Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишнинг муҳим йўналишларидан бири – бу тадбиркорликнинг эркин ривожланиши, бизнесда барча учун тенг имконият ва шарт-шароитлар яратишга тўсқинлик қилувчи коррупцион омиллар ва ҳолатларни бартараф этишдир.
Коррупция нафақат давлат сектори, балки хусусий сектор тараққиёти учун ҳам катта ғов ҳисобланади.
Жорий йилнинг 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ҳамкорлик меморандумидан кўзланган асосий мақсад бизнес соҳасида коррупциянинг ҳар қандай кўринишлари ва бошқа қонун бузилишлар сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, соҳадаги коррупция ҳолати тизимли таҳлилини амалга ошириш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш масаласида ҳамкорлик фаолиятини йўлга қўйиш ҳисобланади.
Таъкидланганидек, Бизнес-омбудсман институти ташкил этилганлиги натижасида тадбиркорлар олдидаги кўплаб бюрократик тўсиқлар бартараф этилиб уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шунга қарамай, ушбу йўналишда тўсиқлар ва амалга оширилиши лозим долзарб вазифалар етарлича. Хусусан, суд органларида 2020 йил давомида коррупцияга оид жиноят ишлари бўйича айблов ҳукми чиқарилган 2 185 нафар шахслардан 122 нафари давлат органлари ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўйганлиги, ҳокимият ёки мансаб ваколати суиистеъмол қилиниб, тендер савдоларини ташкил этиш, ер майдонларини ажратишда шаффофлик таъминланмасдан, масъуллар томонидан мазкур масалаларда ўзига олдиндан таниш бўлган хўжалик юритувчи субъектларга ён босилиши ва бошқа ҳолатлари аниқланган. Шунингдек, 45 нафари давлат харидлари билан боғлиқ қонун талабларига риоя қилмаганлиги, яъни давлат улуши мавжуд корхона, ташкилот ва муассасаларда иш юритиши учун зарур жиҳозларни сотиб олиш ёки бошқа масалаларда қонун талабларига риоя қилинмасдан келганлиги, шу жумладан етказиб берувчи ташкилот билан тил бириктирган ҳолда мулкларнинг ўзлаштирилиши, расмий ҳужжатларнинг сохталаштирилиши билан боғлиқ ҳолатлар кузатилган. Албатта, бу каби ҳолатлар ҳалол фаолият олиб борувчи тадбиркорларга, соҳадаги соғлом рақобатга ҳам зарар етказиши аниқ.
Қайд этилганидек, меморандум доирасида ҳамкорликнинг асосий мақсади, йўналишлари ҳамда ҳамкорликни амалга ошириш тартиби белгилаб олинди.
Асосий йўналишлар сифатида тадбиркорлик соҳасида коррупциявий ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга барҳам бериш, уларнинг оқибатлари, сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупциявий ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўриш, тадбиркорлик соҳасида хавф-хатар омилларини инобатга олган ҳолда тадбиркорлар билан ҳамкорликда “ҳалоллик” сиёсатини ишлаб чиқиш белгиланди. Шунингдек, коррупцияга муросасизлик муҳитини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупция ҳолатлари юзасидан хабар бериш механизмларини такомиллаштириш, тадбиркорлик соҳасида коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш бўйича жамоатчилик (ёшлар, фуқаролик жамияти, тадбиркорлик субъектлари) ҳаракатларини рағбатлантириш каби масалалар устувор йўналиш сифатида қайд этилди.
Бунда Ўзбекистон бизнесининг Коррупцияга қарши курашиш хартиясини биргаликда такомиллаштириш ва имзолаш асосий вазифа сифатида белгиланди. Хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилганда ҳам ушбу ҳужжатда коррупциявий хавф-хатарни олдини олиш, бу каби муносабатларга киришмаслик, давлат ва нодавлат органлар билан муносабатга киришганда аҳамият берилиши лозим бўлган жиҳатлар батафсил кўрсатилган.
Шунингдек, учрашувда тадбиркорлик соҳасида коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитлари юзасидан қўшма тадқиқотлар ўтказиш, ҳалоллик ва бизнесга ишончни кучайтириш чора-тадбирларини назарда тутувчи қатор ҳужжат ва қўлланмаларни ишлаб чиқиш ва тарғиб қилиш, тадбиркорлик соҳасида коррупцияга қарши курашиш мавзусида давра суҳбатлари, халқаро мутахассислар иштирокидаги учрашувлар, семинарлар, конференциялар, ОАВда чиқишлар ва бошқа тарғибот тадбирларини ташкиллаштириш, тадбиркорлик фаолияти соҳасида қонун ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш бўйича ишчи гуруҳларни ташкил этиш белгиланди.
Учрашув якунида тадбиркорлик соҳасида мавжуд коррупция ҳолатларини бартараф этишда ўзаро ҳамкорликда ишлашга келишиб олдилар.