Жорий йилнинг 31 март куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги биносида 2021 йилда Агентлик ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг (БМТ ГЖБ) Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ҳамкорликда амалга оширадиган тадбирлар Режасини имзолаш маросими бўлиб ўтди
Маълумот учун: БМТ ГЖБ гиёҳвандлик ва халқаро жиноятчиликка қарши курашда етакчи глобал ташкилот ҳисобланади.
Ушбу идора 1997 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш дастури ва Халқаро жиноятчиликнинг олдини олиш марказини бирлаштириш орқали ташкил этилган.
БМТ ГЖБ бутун дунё бўйлаб минтақавий ваколатхоналар тармоғи орқали ишлайди.
Учрашувда Агентлик директори Акмал Бурханов, БМТ ГЖБ Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси вакили Ашита Миттал ва ҳар икки ташкилот масъул ходимлари иштирок этди.
Томонлар иш режа доирасида белгиланган вазифалар ва ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилишди. Таъкидланганидек, иш режа қуйидаги асосий йўналишлардан ташкил топган:
Қайд этилганидек, ушбу йўналишлар доирасида давлат бюджети ва давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган инвестицион лойиҳаларнинг коррупцияга қарши экспертизадан мажбурий ўтказиш тартиб-таомилларини ишлаб чиқиш, Коррупцияни қабул қилишнинг миллий индексини ишлаб чиқиш каби вазифалар белгиланган
Шу билан бирга мамлакатда коррупция ҳолати, жумладан, тадбиркорлик фаолиятида коррупция хавфи бўйича тадқиқотлар олиб бориш, Агентлик ходимлари ҳамда Агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг салоҳиятини мустаҳкамлаш каби масалалар ҳам ўрин олган.
Агентлик директори янги Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш сиёсатида халқаро ҳамкорлик устувор йўналишлардан бири эканлиги, ҳозирги кунга қадар бу борада БМТ тузилмалари хусусан, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси доимо агентлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаётгани учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Иш режадаги вазифаларнинг аниқ белгиланиши уларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилишига туртки бўлишини таъкидлади.
Ўз навбатида Ашита Миттал хоним ҳамкорлик алоқалари янада ривожланаётганидан мамнунлигини билдирди. Бошқарма мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида сўнгги йилларда олиб борилаётган ўзгаришларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини қайд этди.
Учрашув якунида томонлар имзоланган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ҳамкорликда амалга оширадиган тадбирлар Режасидаги вазифаларни амалиётга татбиқ этиш ҳар икки томон учун ҳам самарали бўлиши учун тегишли вазифаларни амалга оширишларини билдиришди.