Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари томонидан “маҳаллабай” тизимида ишларни ташкил этиш юзасидан топшириқлар ижроси бўйича ҳудудларда фуқаролар мурожаатлари ўрганилмоқда.
Хусусан, Агентлик директори Акмал Бурханов фуқаролар томонидан Тўрақўрғон туманидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида амалга оширилган қурилиш ишлари сифатсизлигидан норозилик билдириб йўлланган мурожаатлари асосида мазкур муассаса ҳолати шахсан ўрганди.
Аниқланишича, 2018 йил август ойида 7-МТМни капитал қуриш бўйича ўтказилган очиқ тендерда «Тўрақўрғон қурилиш сервис» хусусий корхонаси ғолиб бўлган. Шу мақсадда давлат бюджетидан 2,5 млрд сўм маблағ ажратилган.
Бинода олиб борилган қурилиш ишлари 2018 йилнинг декабрь ойида якунланган. Бироқ, фойдаланишга топшириш жараёнидан 7-сонли давлат МТМ мудири томонидан қатор камчиликлар мавжудлиги боис объект қабул қилинмаган. Шунга қарамай, объект туман Мактабгача таълим бўлими мутасаддилари томонидан қабул қилинган.
7-сонли давлат МТМ фойдаланишга топширилганига кўп вақт ўтмаган бўлсада, қурилиш ишлари сифатсиз бажарилгани сабабли ҳозирда қатор камчиликлар аниқланган. Жумладан, бинонинг ҳаво айланиш тизими меъёрда эмаслиги боис деворларнинг юқори қисмини моғор босган, айрим хоналар деворларида ёриқлар пайдо бўлган, шифтдаги сувоқлар кўчган.
“Тўрақўрғон Сервис қурилиш” МЧЖ томонидан қурилиш ишлари сифатсиз бажарилган бўлсада, мутасаддилар томонидан бинони фойдаланишга қабул қилиб олинган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан мазкур ҳолатни ўрганиш бўйича вилоят прокуратурасига сўров юборилди. Сўров асосида ҳозирда ҳолат бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК департаменти Тўрақўрғон туман бўлими томонидан тегишли мутахассислар жалб этилган ҳолда текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.