Жорий йилнинг 1 апрель куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари У.Тухташева ҳамда АҚШнинг Федерал суд маркази халқаро ҳуқуқий алоқалар бошқармаси директори Мира Гур-Ари ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди.
Маълумот учун: Федерал Суд Маркази – АҚШ суд ҳокимиятининг тадқиқот ва таълим агентлиги. Марказ 1967 йилда Конгресс томонидан ташкил этилган. Марказ одил судловни самарали амалга оширади ва суд ҳокимиятининг мустақиллигини қўллаб-қувватлайди. Ташкилот АҚШ суд тизимида алоҳида агентлик мақомига эга. Асосий фаолият йўналиши суд маъмуриятини такомиллаштириш йўллари бўйича таҳлилий ва холис тадқиқотлар ўтказиш, ўқитиш, шунингдек суд тизими, амалиёти ҳамда жараёнларини ўрганиш ҳисобланади
Учрашув “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти кўмагида ташкил этилган бўлиб, унинг кун тартибидан Агентлик ва АҚШнинг Федерал суд маркази ўртасида ҳамкорлик йўналишларини белгилаш масалалари ўрин олди.
Таъкидланганидек, тўғридан-тўғри алоқаларни ва доимий мулоқотни йўлга қўйиш ҳар икки томон учун ҳам фойдали ҳисобланади. Бунда АҚШ Федерал суд маркази томонидан суд тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган фаолият билан яқиндан танишиш, бу борада ўзаро тажриба алмашиш, ҳамда мавзу юзасидан туркум семинарлар ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар суд тизимида коррупциянинг олдини олиш, тизимда одоб-аҳлоқ қоидаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳага оид бошқа масалалар юзасидан тадқиқотлар ўтказишни ўз ичига олувчи қўшма дастур ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришдилар.