Жорий йилнинг 13 апрель куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг Украина коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси (УКҚКМБ) ва Украина Коррупциянинг олдини олиш миллий агентлиги (УКОМА) раҳбарлари билан онлайн учрашуви бўлиб ўтди
Маълумот учун: УКҚКМБ – ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ҳисобланиб, кенг ҳуқуқ ва ваколатларга эга. Унга коррупциявий жиноятларнинг олдини олиш, аниқлаш, фош этиш мажбуриятлари юклатилган. Бюро Украина Президенти томонидан 2015 йил 16 апрелда ташкил этилган.
Миллий бюронинг вазифаси ҳукумат ёки маҳаллий даражадаги мансабдор шахслар томонидан миллий хавфсизликка таҳдид қилувчи коррупцион ҳуқуқбузарликларга қарши курашишдир.
УКОМА – бу махсус мақомга эга бўлган, коррупцияга қарши давлат сиёсатни ишлаб чиқиш ва коррупциянинг олдини олиш учун масъул бўлган марказий орган.
Агентликнинг асосий фаолияти мамлакатдаги коррупция билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиш, Коррупцияга қарши стратегия ва уни амалга ошириш бўйича Давлат дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек ушбу ҳужжатлар ижросини мувофиқлаштириш, қонун ҳужжатларида ва меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларида коррупциоген нормаларни аниқлаш, давлат хизматчилари декларациясини назорат қилиш ва текшириш, уларнинг турмуш тарзини кузатиш каби масалалар киради.
Учрашувда Агентлик директори Акмал Бурханов, УКҚКМБ директори Артём Сытник, УКОМА раҳбари Александр Новиков ва ташкилотлар масъул ходимлари иштирок этди.
Тадбирда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, тажриба алмашиш ва истиқболдаги устувор йўналишларини белгилаб олиш масалалари муҳокама этилди.
Дастлаб Агентлик директори томонидан Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, Агентлик вазифалари, амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Ўз навбатида Украина томони ҳам УКҚКМБ ҳамда УКОМАларнинг асосий вазифа ва функциялари ҳамда жорий амалиётига тўхталиб ўтишди.
Шунингдек, учрашувда коррупциянинг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар, коррупцияга оид ҳолатлар бўйича хабар берувчиларни ҳимоя қилиш амалиёти, фуқаролар аризаларини кўриб чиқиш тартиби каби масалаларда Ўзбекистон ва Украина томонининг амалиётлари бўйича фикр алмашинилди.
Бундан ташқари Украинанинг коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларнинг ягона давлат реестри юритиш тартиби, давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизимининг фаолияти, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва давлат органлари фаолиятини рейтинг баҳолаш тизимларининг йўлга қўйиш каби йўналишлардаги тажрибаси ҳақида маълумотлар берилди.
Учрашувда ташкилотлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ва доимий мулоқотни ўрнатиш, ҳар икки мамлакатларда ўзаро коррупцияга қарши курашиш моделларини ўрганиш, тажриба алмашиш мақсадида хизмат сафарлари ташкил этиш имкониятлари муҳокама этилди.
Натижада уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзолаш, тажриба алмашиш мақсадида хизмат сафарлари ташкил этиш, коррупцияга қарши курашиш фаолиятига оид электрон дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва юритишда Украина тажрибасини ўрганиш масалалари бўйича келишувга эришилди.