Коррупцияга қарши курашиш агентлигига Тошкент шаҳридан фуқаро Ж.Р. жорий йилнинг 9 март куни мурожаат йўллаган. Мурожаатда фуқаронинг Юнусобод туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (ИИО ФМБ) ходимлари фаолиятидан норозилиги баён қилинган.
Хусусан, турмуш ўртоғи А.Р.нинг вояга етмаган фарзандига нисбатан қилган руҳий ва маънавий хатти-ҳаракатлари юзасидан, Юнусобод туман ИИО ФМБга мурожаат қилган. Ҳолат бўйича туман ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилиб, натижасига кўра жиноят аломатлари аниқланмаганлиги сабабли, жорий йилнинг 3 март куни ЖПКнинг 83-моддаси, 2-бандига асосан жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганлиги маълум қилинган.
Агентлик томонидан ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида, жорий йилнинг 10 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаатда кўрсатилган важлар ва ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қонуний баҳо бериш бўйича сўров юборилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, тўпланган ҳужжатлар назорат тартибида Юнусобод туман прокуратураси томонидан ўрганилиб, қарор асоссиз қабул қилинганлиги сабабли, 2021 йил 24 мартда Юнусобод туман ИИО ФМБнинг тегишли қарори бекор қилиниб, қўшимча тергов ўтказиш учун туман ИИО ФМБ Тергов бошқармасига юборилиши таъминланган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигига Самарқанд вилоятидан фуқаро В.У. жорий йилнинг 18 март куни мурожаат йўллаган. Мурожаатда В.У. Пастдарғом туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган жиноят ишининг дастлабки тергов натижасидан норозилиги тўғрисида баён қилинган.
Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция инстанцияси томонидан даъвогар В.У.нинг аризасига асосан, 2016 йил 19 апрелда туман ҳокимининг 2014 йил 20 октябрдаги қарори чиқарилишига асос қилиб олинган ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги бўйича кадастр хизмати ва давлат архиви мансабдор шахслари ҳаракатлари юзасидан хусусий ажрим чиқарилган.
Хусусий ажрим бўйича олиб борилган терговга қадар текшириш якуни бўйича 2016 йил 11 июнда Пастдарғом туман прокуратураси томонидан К.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “б”-банди билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур жиноят иши оҳирги маротаба 2017 йил 7 декабрда Пастдарғом туман ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан ҳаракатдан тугатилган.
Агентлик томонидан ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида, жорий йилнинг 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаатда кўрсатилган важлар ва ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қонуний баҳо бериш бўйича сўров юборилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, қарор ва тўпланган ҳужжатлар назорат тартибида Бош прокуратура томонидан ўрганилиб, 2021 йил 7 апрелдаги қарор бекор қилинган ҳамда қўшимча тергов ҳаракатларини ўтказиш учун Самарқанд вилоят прокуратурасига юборилиши таъминланган.