Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Ўзбекистон Брокерлар ассоциациясининг Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (ҳозирги Туризм ва спорт вазирлиги) томонидан 2020 йил ноябрь ойида “Cooperation.uz” электрон савдо майдончаси орқали спорт анжомлари ва жиҳозлари харид қилишда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талабларини бузганлигидан норози бўлиб йўллаган мурожаати ўрганилган.
Агентлик томонидан ўтказилган ўрганиш натижасида вазирлик мансабдор шахсларнинг ҳатти-ҳаракатларида Жиноят кодексининг 167-моддасида кўрсатилган жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли, тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига 2020 йил 23 декабрь куни сўровнома шаклида юборилган.
Мазкур ҳужжатлар юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, 2021 йил 23 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 205-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.