Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигига Қашқадарё вилоятида яшовчи фуқародан мурожаат келиб тушган.
Мурожаатда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Қарши минтақавий темир йўл узели” унитар корхонасининг мансабдор шахслари томонидан корхонага ходимларни ишга қабул қилиш ва бошқа лавозимга ўтказиш қариндош-уруғчилик, маҳаллийчилик, таниш-билишчилик асосида амалга оширилаётгани баён этилган.
Мазкур мурожаат юзасидан Агентлик томонидан ўрганиш ўтказилганда, ҳақиқатдан ҳам “Қарши минтақавий темир йўл узели” унитар корхонасида, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунининг 21-моддасида белгиланган “давлат органларининг ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги кераклиги” ҳақидаги норма бузилган ҳолда манфаатлар тўқнашуви ҳолатини юзага келтириб, бир неча йилдан буён яқин қариндошлар бир корхонада фаолият олиб бораётганлиги аниқланди.
Ўрганиш жараёнида ташкилот масъул ходимининг уч нафар укаси ва тўрт нафар жиянини ишга қабул қилиниб Меҳнат кодексининг 79-моддасида белгиланган “ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланиши” ҳақидаги норма ҳам бузилгани маълум бўлди.
Ўрганиш натижасида аниқланган ҳолатлар юзасидан Агентлик томонидан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига “Қарши минтақавий темир йўл узели” унитар корхонасида вужудга келган манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатлар такрорланишига йўл қўймаслик чораларини кўриш ҳақида огоҳлантириш берилди.
Шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги барча корхона ва ташкилотларда ходимларни ишга қабул қилиш, лавозимга тайинлаш ҳамда бошқа лавозимга ўтказишда, масъул ходимлар томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этган ҳолда коррупцион омилларни юзага келишини олдини олиш, ходимларни ишга қабул қилишнинг очиқ ва шаффоф механизмларини жорий этиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш вазифалари белгиланди.