Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Соғлиқни сақлаш тизимини коррупциядан ҳоли соҳага айлантириш, тизимга очиқлик ва шаффофлик принципларини жорий қилиш орқали, коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш ҳамда коррупцияни вужудга келиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф қилишга қаратилган муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш соҳасида тизимли такрорланиб келаётган кўплаб камчилик ва нуқсонларга йўл қўйилиб, коррупцион ҳуқуқбузарликлар содир этилаётгани кузатилмоқда.
Агентлик томонидан «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси доирасида Соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт муассасалари томонидан амалга оширилган давлат хариди жараёнлари ўрганилганида, «Давлат харидлари тўғрисида» ва «Рақобат тўғрисида»ги Қонунларнинг талаблари қўпол равишда бузилганлиги аниқланди.
Хусусан, «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 40-моддасида давлат харидларини амалга оширишнинг рақобатга асосланмаган усулларини қонунга хилоф равишда танлашга, давлат харидлари субъектларига таъсир ўтказишга, рақобатга йўл қўймасликнинг, уни чеклашнинг ёки бартараф этишнинг бошқа шаклларига йўл қўйилмаслиги кўрсатилган.
Бироқ, Тошкент шаҳар 1-сон юқумли касалликлар клиник шифохонаси харид комиссияси томонидан ускуналарга техник хулоса тақдим қилиш юзасидан ўтказилган танловга «Z.S.» МЧЖнинг тақдим қилган ҳужжатлари кўриб чиқилмаган ҳамда таклифи асоссиз равишда рад қилинган.
Шунингдек, Қонуннинг 53-моддаси билан буюртмачи зиммасига махсус ахборот порталига танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълон билан бир вақтда жойлаштирилиши лозим бўлган ҳужжат ва маълумотлар рўйхати келтирилган.
Аммо, буюртмачиси 1-сон юқумли касалликлар клиник шифохонаси томонидан Қонуннинг мазкур талабларига риоя қилинмай, иштирокчиларга танлов ҳужжатлари қоидаларига доир тушунтиришларни тақдим этиш тартиби, техник топшириқ, таклифларни баҳолаш мезонлари ва кўриб чиқиш тартиби ҳамда танлов ҳужжатларига уларнинг ажралмас қисми бўлган шартнома лойиҳаси илова қилиниши таъминланмаган.
Шу каби қонунбузилиш ҳолатларига, Тошкент шаҳар 3-сонли клиник шифоҳонаси буюртмачилигидаги 92,4 млн. сўмлик аутсорсинг хизматини кўрсатиш бўйича ўтказилган танловда ҳам кўриш мумкин.
Хусусан, «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддасида буюртмачи ғолиб бўлган таклифни баҳолаш ва аниқлашда фақат харид қилиш ҳужжатларида кўрсатилган баҳолаш мезонлари ва тартиб-таомилларидан фойдаланиши ҳамда бу мезонлар ва тартиб-таомилларни харид шартларида баён этилган тартибда қўллаши кўрсатилган.
Бироқ, буюртмачи 3-сонли клиник шифоҳона томонидан аутсорсинг хизматини кўрсатиш бўйича ўтказилган танловда талабгорларга давлат харидлари шартларида назарда тутилмаган талабларни кўйгани ва мазкур шартлар асосида ғолибни аниқлаш ҳолатларига йўл қўйилгани маълум бўлган.
Ўрганиш давомида шифохона томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 3016-сон билан рўйхатдан ўтказилган «Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 77-банди талабларига зид равишда «Таклифларни рўйхатга олиш китоби» умуман юритилмай, талабгорларнинг бирон-бир таклифи белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаганлиги аниқланган.
Юқоридаги ҳар иккала танлов қонун талаблари бузилган ҳолда ўтказилганлиги сабабли, Агентлик тақдимномаси асосида бекор қилинди.