Жорий йилнинг 27 март куни ижтимоий тармоқларда Бухоро давлат тиббиёт институтининг мансабдор шахслари томонидан бюджет маблағларининг эҳтимолий талон-тарож қилиниши ҳолати юзасидан видео лавҳа эълон қилинди.
Видео лавҳада Бухоро давлат тиббиёт институти ва “Bitubi Grupp” МЧЖ ўртасида имзоланган шартномаларнинг ноқонунийлиги, ходимларга ойлик маошларни белгилашда хато-камчиликларга йўл қўйилгани ҳамда институт рамзи туширилган кўкрак нишонлари талабаларга мажбуран сотилгани каби бир қатор важлар келтирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Бухоро вилояти прокуратураси билан биргаликда Бухоро шаҳрида ўрганишлар ўтказилди.
Аниқланишича, ҳақиқатдан ҳам Бухоро давлат тиббиёт институтининг кутубхона фондини бойитиш мақсадида “Bitubi Grupp” МЧЖ корхонасидан 721,2 млн. сўмлик жами 1725 дона (1-том 1500 дона, 2-том 225 дона) “Одам анатомияси. Атлас” китоби харид қилинган.
Шундан 602,2 млн. сўм талабаларнинг тўлов-котрактидан тушган маблағлар ҳисобига, 119 млн. сўм бюджет маблағлари ҳисобига амалга оширилган. Китоблар ҳисобхона балансига тўлиқ кирим қилинган ва саноқдан ўтказилганида камомад аниқланмаган.
Ушбу харидларни амалга ошириш учун Бухоро давлат тиббиёт институти ҳамда “Bitubi Grupp” МЧЖ корхонаси ўртасида бир нечта шартномалар тузилган. Хусусан, 2019 йил 13 августда тузилган 1-сон шартномага асосан 15 фоизлик олдиндан тўлов (17,8 млн. сўм) “Bitubi Grupp” МЧЖ корхонасига ўтказиб берилган.
Видео лавҳада келтириб ўтилган, яъни шартнома имзоланиш жараёнида “Bitubi Grupp” МЧЖ корхонаси ноширлик фаолиятини амалга оширувчи тегишли лицензияга ҳамда ушбу китобни нашр этиш учун тегишли рухсатномага эга бўлмагани тўғрисидаги маълумот ўз тасдиғини топди. (Лицензия берилган сана: 2019 йил 16 сентябр).
Бухоро давлат тиббиёт институти ҳамда “Bitubi Grupp” МЧЖ корхонаси ўртасида “Одам анатомияси. Атлас” китобини харид қилиш мақсадида тузилган 299,7 млн. сўмлик 1-сонли ҳамда 419,8 сўмлик 2-сонли тўғридан-тўғри шартномалар давлат харидларини амалга оширишда йўл қўйилган хато-камчиликлар сабабли бекор қилинган.
Видео лавҳада келтирилган Бухоро давлат тиббиёт институти ходими Е.Харибова масаласи ўрганилганда, у билан 2020 йил 1 июл куни меҳнат шартномаси имзолангани ҳамда 2021 йил 1 апрелга қадар онлайн ва офлайн тарзда фаолият юритгани маълум бўлди.
Институт балансидаги “Ласетти” русумли автомашинага 2019-2020 йиллар учун белгиланган лимитга нисбатан 1144 м3 ортиқча сарфланган сиқилган газ ёқилғиси учун 8,4 млн. сўм институтнинг собиқ раҳбаридан ундирилган.
Шунингдек, 2021 йилнинг 2 ойи давомида 381 минг сўмлик 158 м3 сиқилган газ ёқилғиси белгиланган лимитдан ортиқча сарфлангани аниқланиб, етказилган зарар институт ректори томонидан тўлиқ қопланган.
Бундан ташқари, институт ҳайдовчиси Б.Д.нинг меҳнат шартномаси ноқонуний равишда тугатилгани ҳолати вилоят прокуратураси томонидан ўрганилиб, ҳайдовчи қайта ишга тикланган.
Ўрганиш давомида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 ноябрдаги “Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Қарори талабларига риоя этилмасдан тўлов-контракт тушумларидан тушадиган ажратмалардан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ривожлантириш жамғармасига 7,8 млрд. сўмлик ўтказмалар ўз вақтида ўтказиб берилмаганлиги аниқланди ва ушбу сумма жамғармага тўлиқ ўтказиб берилиши таъминланди.