Жорий йилнинг 27 апрель куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси II боби (Коррупциянинг олдини олиш бўйича чоралар) нормаларини Ўзбекистон томонидан бажарилишини ўрганишга бағишланган тренинг ташкиллаштирилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси аъзо ҳисобланган БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси (Нью-Йорк, 2003 йил 31 октябрь)нинг 63-моддасига асосан, конвенция талабларининг амалга оширилиши бўйича обзори тегишли даврийликка асосан, Конвенцияга аъзо давлатлар конференцияси томонидан ўтказиб борилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси 2012-2015 йилларда биринчи мониторингдан ўтказилган. Ўзбекистонни иккинчи босқич мониторингдан ўтказиш 2020-2021 йилларга белгиланиб, Мальдив Республикаси ва Нигерия Федератив Республикаси обзорни ўтказувчи давлатлар сифатида танлаб олинган. Обзор доирасида БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясининг II ва V боблари (Активларни қайтариш бўйича чоралар) қоидаларининг амалга оширилиши ўрганилади.
Мазкур тадбирни ташкиллаштиришдан асосий мақсад БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси нормалари Ўзбекистон томонидан бажарилиши бўйича обзорнинг 2-босқичига пухта тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш учун барча зарур чораларни кўришдан иборатдир.
Учрашувда йигирмадан ортиқ вазирлик ва идоралардан, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Адлия вазирлиги, Судьялар олий кенгаши, Марказий банк ва бошқа идоралардан масъул ходимлар қатнашишди.
Учрашув давомида БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг экспертлари томонидан семинар иштирокчиларига Коррупцияга қарши конвенцияси нормаларини Ўзбекистон томонидан бажарилиши бўйича обзорини ташкил этиш бўйича тузилган саволномани тўлдириш юзасидан керакли маълумотлар тақдим этилди.