Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат ташкилоти ва маҳаллий ҳокимият вакиллари учун давлат хизматида ҳалолликни таъминлашга оид хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш бўйича туркум семинарлар ўтказилмоқда.
Жумладан 2020 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти ҳамкорлигида “Ҳалоллик вакцинаси” ни жорий этиш масалалари” мавзусида халқаро семинарнинг дастлабкиси ташкил этилган бўлса, 2021 йил март ойида “Давлат хизматида ҳалолликни таъминлаш: Буюк Британия тажрибаси” мавзусида 2-семинар ташкил этилган эди.
Жорий йилнинг 6 май куни ушбу йўналишдаги навбатдаги семинар Қозоғистон Республикаси Коррупцияга қарши кураши агентлиги билан ҳамкорликда “Давлат хизмати ва корпоратив секторда ҳалоллик: Қозоғистон тажрибаси” мавзусида ташкил этилди.
Маълумот учун: Ушбу семинарлар ПФ-6013-сон Президент Фармони белгиланган давлат хизматига ҳалоллик стандарти (“ҳалоллик вакцинаси”) ва манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш стандартларини жорий этишда кўмаклашиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш, шунингдек, уларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш вазифаси ижроси доирасида ташкил этилмоқда.
Унда 50 дан ортиқ давлат ташкилоти ва маҳаллий ҳокимликлар тузилмасидаги коррупцияга қарши курашиш масалаларига масъул бўлган ходимлар иштирок этди.
Тадбирда Қозоғистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходимлари Нурсултан Бекинов, Меруерт Карбозова ҳамда эксперт Оринбек Бисембаев иштирок этди.
Маърузачилар томонидан ҳалолликни таъминлашга хизмат қилувчи ташкилий масалалар ҳамда қонунчилик асосларини яратиш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, Қозоғистонда коррупциянинг олдини олишда аксилкоррупциявий экспертиза ҳам ўз самарасини бераётгани таъкидланди. Шу билан бирга хусусий секторда ҳалоллик стандартларини жорий этишга ҳам алоҳида урғу берилиши лозимлиги қайд этилди.
Савол-жавобларга бой ўтган семинарда ушбу йўналишни такомиллаштиришда ҳамкорлик алоқаларини янада яхшилаш, бу соҳадаги ҳуқуқий асосларни ривожлантиришга келишиб олинди.