Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан фуқаролар мурожаати ва уларда кўтарилган масалалар мунтазам равишда ўрганилмоқда. Аҳамиятлиси мурожаатларда кўтарилган масалани қаноатлантириш билан биргаликда, уни юзага келтирган сабаб ва шарт-шароитлар ҳам атрофлича таҳлил этилмоқда ҳамда коррупцияни олдини олиш бўйича ишлаб чиқилаётган чоралар учун асосий манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Қуйида ижобий ечим топган айрим мурожаатларга тўхталиб ўтилади.
Марғилон шаҳар ИИО ФМБ ходимлари хатти-ҳаракатлари тўғрисида
Жорий йилнинг 29 март куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигига Тошкент шаҳридан Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти вакили Б.М. Марғилон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими (ИИО ФМБ) ходимлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув натижасидан норозилиги тўғрисида мурожаат қилган.
Жумладан, Ўзмиллийбанк АЖ филиалининг собиқ мансабдори, “А.Б.Т” МЧЖ раҳбарининг ишончини суистеъмол қилиб, жамиятнинг 130,0 млн сўм маблағларини ўзлаштирганлиги ҳолати бўйича Марғилон шаҳар ИИО ФМБ мурожаат қилган.
Марғилон шаҳар ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти мазкур қарордан норози бўлиб, Марғилон шаҳар ИИО ФМБ ТБнинг жиноят ишини қўзғатишини рад қилиш ҳақидаги қарорни бекор қилиш ва терговга қадар қўшимча текширувни тўлиқ ва холисона ўтказилишида амалий ёрдам беришини сўраган.
Агентлик томонидан ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида, жорий йилнинг 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаатда кўрсатилган важлар ва ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қонуний баҳо бериш бўйича сўров юборилди.
Аниқланишича, аризада кўрсатилган ҳолатлар юзасидан Марғилон шаҳар ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, натижасига кўра 2020 йил 18 февралда ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан, жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Ўрганиш натижаларига кўра, тўпланган ҳужжатлар назорат тартибида Фарғона вилоят прокуратураси томонидан ўрганилиб, жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарор 2021 йил 13 апрелда бекор қилинган ҳамда қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш учун Марғилон шаҳар ИИО ФМБга юборилиши таъминланган.
Ҳудудгазтаъминот АЖ ҳудудий филиали томонидан сунъий қарздорлик вужудга келтирилган
Коррупцияга қарши курашиш агентлигига Наманган вилояти, Чуст туманидан фуқаро Ҳ.Р. жорий йилнинг 30 март куни мурожаат йўллаган. Мурожаатда фуқаро Ҳ.Р. хонадонидаги табиий газ ҳисоблагич кўрсаткичини ҳақиқатда ишлатилганидан ортиқча миқдорда компьютер базасига киритилиб, сунъий қарздорлик юзага келтирилганлиги ҳамда пеня ҳисобланганлиги маълум қилган. Ушбу ҳолат натижасида фуқаро Ҳ.Р. сунъий қарздорликни бартараф қилинишида амалий ёрдам кўрсатиш ва айбдор шахсларга чора кўришни сўраб агентликка мурожаат йўллаган.
Агентлик томонидан ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида, жорий йилнинг 2 апрель куни Ҳудудгазтаъминот АЖга мурожаатда кўрсатилган важларни қонуний тартибда ўрганиб чиқиш юзасидан сўров юборилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, мурожаатчининг важлари асослилиги ўз тасдиғини топди, жумладан, “Billinggaz” дастурига киритилган нотўғри маълумотлар белгиланган тартибда чиқариб ташланган ҳамда сунъий пайдо қилинган қарздорлик бартараф этилиши таъминланди. Бундан ташқари, “Чусттумангаз” газ таъминоти бўлими инспектори Р.Х. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Ер ажратиш тўғрисидаги қарорнинг бекор қилиниши тўғрисида
Жорий йилнинг 24 март куни З.М. ва С.М. суд қароридан норози бўлганлиги баён қилинган мурожаат йўллаган. Жумладан, Олмалиқ шаҳар ҳокимининг қарори билан 0,04 га. ер майдони "А.К." МЧЖга ажратиб берилган. Аризачилар З.М. ва С.М.ларнинг шикоят аризасига асосан Оҳангарон туман маъмурий судининг дастлабки ҳимоя чорасини қўллаш ҳақидаги ажрими билан "А.К." МЧЖ томонидан амалга оширилаётган қурилиш ишлари вақтинчалик тўхтатиб қўйилган. Фуқаролар З.М. ва С.М.лар ҳамда Олмалиқ шаҳар Б. МФЙ. раиси М.С.лар Тошкент вилоят ҳокимлиги танлов комиссиясининг баёни ва Олмалиқ шаҳар ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида судга шикоят аризаси билан мурожаат қилишган.
Нурафшон туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарори билан аризачилар З.М., С.М. ва М.С.ларнинг шикоят аризасини қаноатлантириш рад этилган ва Оҳангарон туман маъмурий судининг дастлабки ҳимоя чорасини қўллаш ҳақидаги ажрими бекор қилинган.
Агентлик томонидан ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида, жорий йилнинг 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаатда кўрсатилган важлар ва ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қонуний баҳо бериш бўйича сўров юборилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, Нурафшон шаҳар прокуратураси томонидан Нурафшон туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция тартибида протест келтирилди.