Коррупцияга қарши курашиш жараёнларига кенг жамоатчиликни жалб этиш, давлат хизматчилари ўртасида ҳалоллик стандартларини жорий этиш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳудудларда туркум семинарлар ташкил этилмоқда.
Тадбирлар давомида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, сўнгги янгиликлар тўғрисида ахборот берилмоқда.
Мазкур семинарлар 25 май куни Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида ташкил этилди.
Тадбирларнинг навбатдагиси жорий йилнинг 26 май куни Фарғона вилоятида бўлиб ўтди. Давлат ташкилотларида коррупциянинг оқибатлари ва унга қарши курашиш чора-тадбирлари ҳақида фикр алмашилган семинарда Фарғона вилоят ҳокимлиги раҳбарияти, агентлик масъул ходимлари, вилоятдаги бошқарма ва ташкилотлар, муассаса ва корхоналар, маҳаллий ҳокимликлар масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.
Семинарда сўнгги тўрт йил давомида мамлакатимизда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 70 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари эълон қилингани, бироқ тегишли идоралар билан ҳамкорликда назорат тадбирлари ўтказилиб борилаётганига қарамай, коррупция ҳолатлари ҳамон учраб тураётгани танқидий муҳокама қилинди. Хусусан, таҳлиллар айрим соҳаларда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда тизимли муаммо ва камчиликлар сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.Статистик маълумотларга кўра, 2017 йилда 2.881 нафар, 2018 йилда 1.907 нафар, 2019 йилда 1.339 нафар ва 2020 йилда 1.720 нафар мансабдор шахс коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилган.
Бу эса ўз навбатида, коррупцияга қарши курашиш самарали механизмларни жорий этишни тақозо этмоқда. Шу боисдан семинар давомида давлат органлари фаолиятида коррупция билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, унга йўл қўймаслик ҳамда бундай салбий иллатга қарши самарали кураш олиб бориш бўйича асосий вазифалар муҳокама қилинди. Бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, олдинда турган вазифалар келишиб олинди.